Тўқаев “қонли январь” сирларини очди. Энди Қозоғистон Путин ва Россияга қарамми?
Олам
−
18 Февраль 2022
23382Қозоғистонда рўй берган “Қонли январь” воқеаларини бостиришда мамлакатга КХШТ кучларининг киритилиши тўғри қарор бўлган. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Qazaqstan” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Президент Тўқаев журналистнинг “Сиз Владимир Путинга қўнғироқ қилиб КХШТ тинчликпарвар кучларини Қозоғистонга жўнатишини сўрадингиз. Бу мамлакатимиз эркинлиги ва мустақиллиги энди Россиянинг қўлида эканини англатадими? Вазиятдан уларнинг иштирокисиз чиқиб кетишнинг иложи йўқмиди? Ҳозир қарорингиздан афсусланмаяпсизми?”, дея савол берган.
Тўқаев ушбу саволга жавоб бераркан, фавқулодда вазиятда қабул қилган қароридан афсусланмаслигини урғулаган.
“Йўқ, бу афсусланадиган қарор эмас эди. Аксинча, бу қарорни мутлақо тўғри деб ҳисоблайман. Шуни тушуниш керакки, қуролланган жангарилар Олма-ота шаҳрини эгаллаб, бошқа шаҳарларимизга ҳам таҳдид сола бошлаган эди. Агар тинчликпарвар контингент ўз вақтида киритилмаганида, террорчилар бошқа шаҳарларни ҳам қўлга киритган бўлар эди”, деган Президент Тўқаев.
Унинг билдиришича, жангарилар, ҳатто, мамлакат пойтахтидаги Президент қароргоҳига ҳам ҳужум қилишга тайёргарлик кўрган.
“Толдиқўрғон, Тараз, Чимкент, Қизилўрда шаҳарларида қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Террорчиларнинг, ҳатто, Пойтахтдаги Оқ-ўрда (Президент қароргоҳи)га ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётгани аниқланди”, дея таъкидлаган Тўқаев.
Унга кўра, қўзғалонга жуда катта тайёргарлик кўрилган. Террорчилар Қозоғистоннинг бошига Суриянинг кунини солишни кўзлаган.
“Баъзи таниқли экспертлар террорчиларнинг режасида Қозоғистоннинг икки йирик шаҳрини эгаллаш бўлган, деган фикрни билдиришмоқда. Бу режа Сурияда қўлланилган сценарийга ўхшайди, у ерда ҳам террорчилар Дамашқ ва Раққани қўлга киритишга ҳаракат қилганди”, деган Қозоғистон раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, КХШТ кучлари мамлакатда ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмаган, уларнинг вазифаси тинчликни сақлаш бўлган, холос.
“КХШТ тинчликпарвар контингенти мамлакатимизда бўлган пайт бирорта ҳам ўқ узмади. Бу ҳақда тўғридан-тўғри ва очиқ гапиришимиз керак. Уларнинг вазифаси фақат асосий стратегик объектларни қўриқлаш эди. Айнан ўша пайтда Қозоғистон куч тузилмалари ҳаракатга киришди ва қуролли террорчиларга қарши тўсқинлик қилди. КХШТ кучлари ва Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида яқин алоқа ва мувофиқлик ўрнатилди”, дея қўшимча қилган Президент Тўқаев.
У бугун мамлакат атрофидаги воқеалар ва халқаро ҳамжамият, мустақил экспертлар ва журналистларнинг Тўқаев Путинга ипсиз боғланди деган гапларига ҳам эътироз билдирган.
“Менимча, “бизнинг энди Путиндан қарзимиз бор” деган гаплар асоссиз, бу гапларни бас қилиш керак”, деган Қозоғистон Президенти.
Қозоғистондаги намойиш
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси