Лукашенко ўзида йўқ қурол билан Ғарбга таҳдид қилди
Олам
−
18 Февраль 2022
17630Беларусь ўз ҳудудида нафақат ядровий, балки мамлакат мухолифлари томонидан таҳдид туғилган тақдирда истиқболли “ўта ядровий” қуролларни ҳам жойлаштиришга тайёр. Бу ҳақда “абадий Президент” бўлишга даъво қилган Беларусь фуқароси Александр Лукашенко маълум қилди.
“Агар керак бўлса, рақибларимиз ва душманларимиз томонидан шундай аҳмоқона, фойдасиз қадамлар қўйилса, биз ҳудудимизни ҳимоя қилиш учун нафақат ядровий қуролларни, балки ўта ядровий, истиқболли қуролларни ҳам жойлаштирамиз”, деган Лукашенко.
Унинг қўшимча қилишича, агар дўстона бўлмаган давлатлардан таҳдидлар бўлмаса, Беларусга ядро қуроли “100 йил давомида ҳам керак эмас”.
Бундан ташқари, Лукашенко Минск яқинида Россиянинг С-400 зенит-ракета комплексларини жойлаштириши мумкинлигини айтган. Унинг тушунтиришича, С-400 комплекси ҳозир Беларусда ва Беларусь ҳарбийлари уни ўзлаштирмоқда.
“Агар керак бўлса, яна бир нечта мосламалар ўрнатамиз. Ундан кўпи бизга керак эмас. Бу узоқдан, менимча, 600 километрни “кўрадиган” қурол. Уни қаерга қўямиз? Биз уларни Минскдан шарқда ёки Минск яқинида ўрнатишимиз мумкин ва биз Киевда, Варшавадан ташқарида ва ҳоказоларда нима қилинаётганини кўрамиз”, дея тушунтирган Лукашенко.
Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, С-300 комплекслари Беларусь мудофааси учун етарли.
У, шунингдек, агар Россия шундай қилса, Минск ҳам унинг ортидан Донецк ва Луганск Халқ Республикалари мустақиллигини тан олиши мумкинлигини айтган.
“Биз [Россия Президенти Владимир] Путин билан Россия ва Беларусь учун вазиятни яхшилашга қандай ҳаракат қилишимиз кераклиги ҳақида келишиб оламиз. Аммо бу қўшма қарор бўлади”, дейди у.
Шунингдек, у Донбассдаги вазият кескинлашган тақдирда Россияга ҳар қандай, жумладан, ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берган.
Маълумот ўрнида, Республика Совет Иттифоқи таркибида бўлган пайтда Беларусь ҳудудида ядро қуроли мавжуд эди. СССР парчаланганидан кейин Беларусь Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилди. Россия, АҚШ ва Буюк Британия бунга эргашди, хусусан Минскка хавфсизлик кафолатларини берди.
Эслатиб ўтамиз, Лукашенко, агар Ғарб республикага 2020 йилги сайловлардаги каби ҳужум қилса, у абадий давлат раҳбари бўлиб қолишини айтганди.