Фуқарони ҳимоя қиламан деб, пичоқланган “участковый”, “Kapitalbank” акцияларига эга бўлган Усмонов, ярим ҳимоячиларини йўқотган ПСЖ... Бугун нималар бўлди?

Жамият 6015
image
Якунига етаётган 26 ноябрь куни Ўзбекистон ва жаҳонда кўплаб муҳим воқеа-ҳодисалар содир бўлди. Хусусан, ваниҳоят, бензин нархи тушиши маълум қилинди. Агар халқаро майдонга келадиган бўлсак, ЖССТ коронавируснинг янги штаммини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказадиган бўлди. Бугуннинг муҳим воқеалари билан қисқа сатрларда танишинг.

Жамият 

Фарғонада боғчадан жасад топилди

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги болалар боғчасидан жасад топилган. Бу ҳақда туман ҳокимининг “Бахтсиз ҳодиса сабабларини ўрганиш юзасидан туман комиссиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида айтилган.

Туман ИИБ берган маълумотга кўра, жасад соат 07:00 ларда Қўштепа тумани “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини Пахтаобод кўчасида жойлашган 27-мактабгача таълим ташкилоти биносида бир нафар фуқаронинг жасади топилган. 

Шундан сўнг, жорий йилнинг 20 ноябрь куни Қўштепа туманидаги мактабгача таълим ташкилотида қоровул вазифасини ўтаб келган Л.И. МТТ ҳудудидаги қоровулхонада вафот этган ҳолда топилгани аниқланган.

Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, унинг ўлимига ўткир юрак қон томир етишмовчилиги ва ис газидан ўткир заҳарланиш сабаб бўлган. 

Наманганда фуқарони ҳимоя қилган “участковый” пичоқланди

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида пул олди-бердиси сабаб жанжаллашган фуқароларни тўхтатишга уринган профилактика инспектори пичоқланди.

Маълум қилинишича, ўтган йилнинг декбрь ойида танишига 4,5 млн сўм қарз берган фуқаро сал кам 1 йил давомида ўз пулларини қайтариб ололмагани боис Чортоқ тумани ИИБга мурожаат қилиб, пулларини ундириб беришни сўраган.

Профилактика катта инспектори капитан Обид Ботиров ариза муаллифи билан кўрсатилган манзилга бориб вазиятни тушунтиради. Қарздорга у ИИБга бориши айтилгач, фуқаро хонадонига кириб кетади ва бироздан сўнг ошхона пичоғини олиб чиқиб, аризачига ташланиб кетади. Пичоқ эса фуқарога эмас, уни ҳимоя қилишга уринган профилактика инспекторига санчилади.

Уч нафар депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Жиззахда уч нафар депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Энди улар жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Халқ депутатлари Бахмал тумани Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинган.

Бу бўйича туман прокуратураси томонидан киритилган тақдимномалар ҳамда халқ депутатлари Бахмал тумани Кенгашининг “Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича” доимий комиссиянинг тегишли қарорлари инобатга олинган.

Шавкат Мирзиёев Путинга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россиянинг Кемерево вилоятидаги “Листвяжная” конида содир бўлган портлаш оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан мамлакат Президенти Владимир Путинга таъзия йўллади.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда шифо топишини тилади.

ДХХ фуқародан 1,5 млн доллар талаб қилган ҳокимлик мансабдорини ушлади

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимлигининг мансабдор шахсларидан бири ноқонуний даромад олиш мақсадида, 1978 ва 1980 йилларда туғилган икки нафар фуқаро билан келишган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахснинг ишончига кирган.

Унга пластик трубалар ишлаб чиқарувчи завод қуриши учун юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан 12 гектар ер майдони олиб бериш эвазига 1 млн. 560 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Самарқандда 13 ёшли мактаб ўқувчиси 25 ҳафталик ҳомиладор экани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 13 ёшли мактаб ўқувчиси 25 ҳафталик ҳомиладор экани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Ф.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Усмоновнинг компанияси “Kapitalbank” акцияларини сотиб олди

Асли келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли “USM Holding” компаниясининг шўъба корхонаси бўлган “Телекоминвест” “Kapitalbank”нинг 215,3 миллиард сўмлик акцияларини сотиб олди. Бу ҳақда банк Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Алишер Усмоновга тегишли “Телекоминвест”  “Kapitalbank”нинг 65 миллион 973 минг 307 дона акциясини сотиб олган. Акцияларнинг умумий қиймати 215,3 миллиард сўмни ташкил этган.

Асакада 9 яшар қизни ўлдиришда айбланган қўшни аёл қамалди

Андижонда аёл тўққиз яшар қўшни Қ.И.нинг (қиз бола) қотиллигида айбдор деб топилиб, 12 йил 4 ойга қамалди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби маълум қилди.

Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси А.Х.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми ва бошқа моддалар билан айбли деб топиб, унга нисбатан узил кесил 12 йил 4 ой 24 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жазони ўташ муддати жорий йилнинг 25 ноябридан бошлаб ҳисобланиши, А.Х. дарҳол суд залидан қамоққа олиниши белгиланган. Шунингдек, судланувчи А.Х.дан жабрланувчи Д.А. фойдасига 43 102 840 сўм ундириш белгиланган.

Наҳотки, наҳотки? Бугундан “заправка”ларда бензин арзонлашади

Бугун, 26 октябрдан бошлаб АИ-80 маркали автомобиль бензининг нархи арзонлашади. Бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” АЖ Матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, бугун соат 21:30 дан “Ўзбекнефтегаз”нинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги барча АЁҚШ ларда АИ-80 маркали автомобиль бензини 6 890 сўмдан сотувга чиқади.

Олам

Фавқулодда йиғилиш: ЖССТ янги коронавирус штаммини муҳокама қилади 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бугун, 26 ноябрь куни Жанубий Африка ва Ботсванада тарқалаган COVID штаммини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда “Financial Times” манбаларга таяниб хабар берган.  

Бундан аввал, Буюк Британия олимлари Ботсванада 32 та мутацияни ўз ичига олган коронавирус штамми пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирганди. Кўпгина мутациялар унинг юқори ўтказувчанлиги ва вакциналарга чидамлилигини кўрсатади. 

Кейинчалик Жанубий Африка Юқумли касалликлар миллий институти ҳам янги штамм Жанубий Африкада топилганини тасдиқлади — ҳозиргача 22 та ҳолат. 

АҚШ “бошқаларнинг қўли” билан уруш бошламоқчи – Лукашенко 

АҚШ Польша, Болтиқбўйи давлатлари, Украина ва Беларусь чегарасидаги миграция инқирозидан фойдаланиб, уруш бошламоқчи. Беларусь Президенти Александр Лукашенко шундай фикр билдирди. 

“Улар бу камбағал қочқинлардан, бу жараёндан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг мақсади кўриниб турибди, очиқчасига айтишмоқда: НАТОни жалб қилиш. НАТО нимани англатади? Урушни бошлаш. Улар бизни қўзғатмоқда. Бу Европага керак эмас, Европа буни истамайди, Европа урушни хоҳламайди. Бу уруш кимга керак? Америкаликларга”, деган Лукашенко. 

Интерполга янги президент сайланди. У қийноқларда айбланган

Интерполга Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган генерал-майор Аҳмад Носир ар-Раиси сайланди. Тегишли қарор ташкилотнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Бош ассамблеясининг 89-сессиясида қабул қилинди.

“Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган жаноб Аҳмад ар-Раиси президент этиб сайланди (тўрт йилга)”, дейилади ташкилотнинг Twitter  саҳифасидаги баёнотда. 2018 йилдан бери Интерпол президенти лавозимини жанубий кореялик Ким Чжон Ян эгаллаб келади.

Қирғизистонда давлат тўнтаришига тайёрланган қуролли гуруҳ қўлга олинди

Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш бостирилди. Бу ҳақда Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази маълум қилди.  

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишни режалаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди”, дейилади хабарда.

Спорт

Италия бразилиялик футболчиларни маҳаллийлаштиради

Италия футбол федерасияси президенти Габриэль Гравина 2022 йилнинг март ойида ўтказилиши кутилаётган Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига уч нафар бразилиялик футболчини миллий терма жамоага қабул қилиш ниятида эканлигини малум қилди.

Улар “Лацио” ҳимоячиси Луис Фелипе, “Рома” марказий ҳимоячиси Рожер Ибанес ва “Каляри” ҳужумкор ярим ҳимоячиси Жоау Педро ҳисобланади.

Дзюдо бўйича “Катта Дубулға” турнири: Ўзбекистон биринчи кунни медалсиз якунлади

Бугун, 26 ноябрь куни БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи мусобақа бошланди. 

Турнирнинг биринчи кунида татамига кўтарилган Ўзбекистон терма жамоаси вакилларининг иштироки омадсиз якунланди. 66 кг вазндаги дзюдочи Дилшодбек Йўлдошев бронза медали учун ўтиш баҳсида Мўғулистон вакили Басхау Ёндонперенлейга қарши татамига чиқди ва имкониятни бой берди. У иккинчи даврада руминиялик Луcиан Думитресcуни қўшимча дақиқаларда оғритиш усули билан мағлубиятга учратган эди. Бироқ чорак финалда украиналик Богдан Ядовга қўшимча дақиқаларда имкониятни бой берган.

ПСЖ асосий ярим ҳимоячиларини йўқотди

ПСЖ ярим ҳимоячилари Андер Эррера ва Марко Верратти жароҳати сабабли сафдан чиқди. Бу ҳақда “L’Equipe” нашри хабар берди.

29 ёшли Верратти Верратти UEFA Чемпионлар лигаси 5-туридан ўрин олган “Манчестер Сити”га қарши ўйинда (1:2) заҳирада қолдирилган бўлса-да, жароҳидан тўлиқ тикланишга улгурмагани маълум бўлди. Футболчининг сон суяк мушаклари шикастланган. У уч ҳафта майдонга тушмайди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 88
Рейтинг: 2.9
t
×