Интерполга янги президент сайланди. У қийноқларда айбланган
Олам
−
26 Ноябрь 2021
6670Интерполга Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган генерал-майор Аҳмад Носир ар-Раиси сайланди. Тегишли қарор ташкилотнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Бош ассамблеясининг 89-сессиясида қабул қилинди.
“Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган жаноб Аҳмад ар-Раиси президент этиб сайланди (тўрт йилга)”, дейилади ташкилотнинг Twitter саҳифасидаги баёнотда. 2018 йилдан бери Интерпол президенти лавозимини жанубий кореялик Ким Чжон Ян эгаллаб келади.
Интерпол президенти лавозимига сайланган БАА ички ишлар вазирлиги генерал-маёри Аҳмад Носир ар-Раиси ўз фаолиятини 1980 йилда Абу-Даби полициясида бошлаган. Олти йил ўтиб, у ўғирликнинг олдини олиш бўлими ходими бўлди. У Лондон университетида жамоат хавфсизлиги бўйича магистр ва докторлик даражасини олган. Шарий тиббиёт ва технология институти бошлиғи, шунингдек, ИИВ Ахборот департаментида Технология ва ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2005 йилда у Абу-Даби полициясининг умумий операциялар бўйича бош директори этиб тайинланган. Интерпол раҳбари лавозимига тайинлангунига қадар 2015 йилдан БАА Ички ишлар вазирлиги бош инспектори, Бирлашган Араб Амирликлари Америка университети илмий кенгаши раҳбари, шунингдек, Интерпол ижроия қўмитаси аъзоси бўлган.
Унинг бу лавозимга тайинланиши бир қатор Европа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган. Амирлик генерали ўз мамлакатида сиёсий маҳбусларни қийноққа солишда алоқадорликда айбланади, унга қарши Туркия ва Франциядан сиёсий бошпана олганлар томонидан судга даъво қилинган.
LiveБарчаси