Фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган ўзбекистонлик Грузияда ушланди
3-саҳифа
−
19:12 529 2 дақиқа
Фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Грузияда ушланди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Интерпол йўналиши бўйича самарали ҳамкорлик натижасида республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик)нинг 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда халқаро қидирувда бўлган фуқаро Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши таъминланган.
Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш давомида қидирувда бўлган шахснинг Грузия ҳудудида эканлиги аниқланган. Ўзбекистон ва Грузия Интерпол Миллий марказий бюролари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари туфайли мазкур иш бўйича кейинги барча босқичларда зарур ахборот ва ташкилий кўмак таъминланган.
Жумладан, Ўзбекистон ва Грузия томонларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида мазкур шахс Грузиянинг ваколатли органлари томонидан ушланган. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилиб, қонунчиликда назарда тутилган тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг жиноятчини мамлакатга топшириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Билдирилишича, Интерпол миллий марказий бюролари ходимларининг бевосита иштирокида қидирувдаги шахс Грузиядан экстрадиция қилиниб, қонунчиликка мувофиқ кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига олиб келинган.
Маълум қилинишича, мазкур экстрадиция одил судловдан яшириниб юрган шахсларнинг турган жойини аниқлаш, уларни ушлаш ва мамлакатга қайтарилишини таъминлашга қаратилган изчил ва мувофиқлаштирилган ишлар, шунингдек, Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ва унинг хорижий ҳамкорлари ўртасида халқаро учрашувлар доирасида олиб борилган музокаралар ҳамда эришилган келишувларнинг навбатдаги натижаси бўлган.
“Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро қидирувдаги шахсларни қидириш, ушлаш ва экстрадиция қилиш борасида самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ одам савдосида гумонланиб, халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Туркияда қўлга олинганди.
Live
Барчаси