Одам савдосида гумонланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик Туркияда ушланди
3-саҳифа
−
13:05 404 1 дақиқа
Одам савдосида гумонланиб, халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Туркияда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, узоқ вақтдан буён халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси, 1981 йилда туғилган Н.Э. Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Истанбул шаҳрида аниқланиб, қўлга олинган.
Гумонланувчи Н.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми билан айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирилаётган бўлган. У ёш қизларни юқори маошли иш ваъдалари билан алдаб, Туркияга олиб келиш ва бу ерда уларнинг паспортларини олиб қўйган ҳолда эксплуатация қилиш билан шуғулланганликда гумон қилинмоқда.
Билдирилишича, мазкур шахс белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига топширилган. Ҳозирда унга нисбатан тегишли тергов ва процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5 млрд сўмлик кредит маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик Туркия ҳудудида қўлга олиниб Ўзбекистонга қайтарилганди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь