Эрдўған Путин ва Зеленский билан “дон йўлаги” бўйича музокара ўтказади
Олам
−
13 Июнь 2022
6776Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий ҳафтада Россия ва Украина етакчилари Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказади. Маслаҳатлашувлар мавзуси Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини денгиз орқали экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўлади. Бу ҳақда Эрдўған Туркия шарқидаги Ван шаҳрида ёшлар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Кейинги ҳафта биз Путин ва Зеленский билан музокаралар олиб бориб, “дон йўлаги” масаласида қандай қадамлар қўйишимизни муҳокама қиламиз”, деган Туркия раҳбари.
Шу билан бирга, у ҳозирда Туркияда ғалла билан боғлиқ муаммолар йўқлигини таъкидлаган. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат омборларида 5 миллион тонна буғдой бор, бироқ Туркия расмийлари бу ҳажмларни оширмоқчи.
Президент Эрдаған, Эгей ва Шарқий Ўртаер денгизида Афинанинг провокацион ва тажовузкор ҳаракатлари туфайли юзага келган таранг вазиятга ҳам изоҳ берган.
Россия “махсус операция”си бошланганидан сўнг, Украина Қора денгиз шимоли-ғарбида кемалар қатнови тўхтатилганини эълон қилди. АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, можаро пайтида Украина портларида 20 миллион тоннадан ортиқ дон йиғилиб қолган. Украина расмийлари Россияни кемаларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилишда айбламоқда, БМТ Москвани бандаргоҳнларни очишга чақирди ва дон экспорти тикланмаса дунёда озиқ-овқат инқирози юз беришидан огоҳлантирди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 8 июнь куни Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мевлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “дон йўлаги” яратиш масаласини муҳокама қилди. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлашини, Бердянск ва Мариуполь каби Россия назоратидаги украин портлари орқали товарлар экспорт қилинишини таъминлаши мумкинлигини айтди. У жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммолар 2020 йил февраль ойида бошланганини эслатиб, Россиянинг Украина портларида донни тўсиб қўйгани ҳақидаги баёнотларни “блеф” деб атади.
Шунингдек, жорий йилнинг 2 июнь куни Россия, Туркия, Украина ва БМТ Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлакнинг ишлашини таъминлайдиган йўл харитаси – Истанбул режасини тайёрлади.
Истанбулдаги мувофиқлаштириш марказининг ишга туширилиши Украина портларидан жаҳон бозорларига 20 миллион тонна донни экспорт қилиш имконини бериши айтилган.
Яқин кунларда Истанбулда барча манфаатдор томонларнинг “Йўл харитаси” тафсилотларини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказиши кутилмоқда. Тўрт томонлама форматда йўналиш, суғурта, кема хавфсизлиги, портни миналардан тозалаш, шунингдек, Қўмондонлик маркази таркиби каби масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь