“Душманимиз — Путин”. Порошенко Зеленский билан ярашиб олганини айтди
Олам
−
26 Март 2022
11857Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенко ва амалдаги Президент Владимир Зеленский уруш бошланганидан кейин ўзаро келишмовчиликларни бир четга суриб қўйган. Бу ҳақда Порошенко “Настоящее время”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Дунё 24 февралгача — Россия Украинага шафқатсизларча ҳужум қилишидан олдин ва 24 февралдан кейин иккига бўлинди. 24 февраль куни мен дарҳол жаноб Зеленский билан учрашдим, биз қўл бериб кўришдик, нолдан бошлашимизни айтдик, у менинг қўллаб-қувватлашимга қаттиқ ишониши мумкин, чунки ҳозир бизда битта душман бор. Ва у душманнинг исми — Путин. Иккинчи ой аллақачон бошланди ва шуни айтишим керакки, биз бу келишувларга, албатта, амал қиламиз, чунки биз Украина атрофида бирлашганмиз. Ҳозир ҳамма аскар, уруш ҳаммамизни тенглаштирди”, деган Порошенко.
Шунингдек, собиқ Президент Россия Президенти Владимир Путин “тўлаган нарх” ҳақида гапирган.
“Украина жаноб Путинга қандай сюрпризлар келтирганига қаранг. Путин ҳақиқатан ҳам Украина барқарорлигига ичкаридан путур етказа олишига умид қилган. Биз унга бирорта ҳам имконият бермаймиз. Украиналиклар ҳозир бирлашиб, тажовузкорга қандай қарши туришни намойиш этиб, дунёни ҳайратда қолдирди. 36 соат ичида Киевда Россия Федерацияси байроғини кўтармоқчи бўлган Путин эса аллақачон жуда катта нарх тўлади. Бу ерга украиналикларни ўлдириш учун келган 16 450 нафар рус ҳарбий хизматчилари, босқинчилар абадий қолиб кетди. Улар бу ерда нимани излашди? Икки мингдан ортиқ танк ва зирҳли техника Украина ҳимоячилари, Украина Қуролли кучлари томонидан ёқиб юборилди. Юқорида айтиб ўтганимдек, 240 та самолёт, бомбардимончи самолётлар, ҳужумчи самолётлар, қирувчи самолётлар уриб туширилганидан фахрланаман”, деган собиқ Президент.
Эслатиб ўтамиз, Порошенко Россиянинг Украинага ҳужумининг илк кунларида қўлида “Калашников” билан Киев кўчаларида кўриниш берганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси