Порошенко Киев кўчаларида қўлида қурол билан кўриниш берди
Олам
−
25 Февраль 2022
16669Ҳозирда давлат манфаатларига зид ва коррупцион фаолияти учун давлатга ҳиёнатда айбланиб, устидан суд иши кетаётган Украина собиқ Президенти Пётр Порошенко қўлида “Калашников” билан Киев кўчаларида кўриниш берди. Собиқ Президент CNN телеканалига берган интервьюсида бутун украин халқини Россияга қарши қўлига қурол олишга чақирган.
“Украина халқининг қонини тўкаётган Владимир Путин шунчаки бир телба, аҳмоқ ва жоҳил инсон”, деган Порошенко.
У рус аскарлари Киевга кириб келадиган бўлса, қўлига қурол олиб мамлакатини ҳимоя қилишини билдирган.
Билдирилишича, Россия армияси Киев томон тобора яқинлашиб келмоқда. Улар ҳозирга қадар пойтахт атрофидаги муҳим ҳудудларни ва иккита аэропортни қўлга олиб бўлган.
Порошенконинг таъкидлашича, Украина Россияга қарши бошлаган ҳужумкор йўлидан асло қайтмайди.
“Мудофаа вазирлиги берган хабарга кўра, биз 180 нафар украин ҳарбийларини қурбон бердик ва 800 дан ортиқ рус аскарлари йўқ қилинган. Мен шуни таъкидламоқчиманки, Путин Украинани Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидан қайтара олмайди. Айнан шунинг учун ҳам биз бугун Украинани ҳимоя қилишимиз керак, эртага Украина оёққа туриши учун ҳимоя қилишимиз керак”, деган собиқ Президент.
Маълумот учун, Киевдаги “Майдон” воқеаларидан сўнг 2014-2019 йиллар оралиғида Украина Президенти сифатида фаолият юритган Пётр Порошенко Донетцк ва Луганск республикаларидаги террорчи ташкилотларни молиялаштиришда айбланиб, унга нисбатан суд иши очилган. Бундан ташқари, собиқ Президент 1,5 миллион гривин миқдоридаги пулларни ўзлаштириш ва давлатга хиёнатда ҳам айбланмоқда.
LiveБарчаси