“Диктатура эртами-кечми қулайди”. Россиялик сенаторнинг қизи урушга қарши чиқди
Олам
−
19 Август 2022
15067Россия Федерацияси кенгаши аъзоси Эдуард Исаковнинг биринчи турмушидан 25 ёшли қизи Диана Исакова ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Украинадаги урушга қарши эканини билдириб, Россияни тарк этаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, кеча, 18 август куни тушдан кейин Диана Исакова аэропортда ўтириб, сўнгги беш ой ичида бошидан кечирганлари ҳақида қисқача изоҳ қолдирган.
“Айтиш мумкинки, мен бу Ҳукуматни танламаганман. Лекин мен унинг шафқатсизлиги ва ахлоқсизлигини билсам-да, сукут сақладим”, деган у.
Маълум бўлишича, Диана Исакова Россияни тарк этишга ва урушга қарши позицияси ҳақида иложи борича очиқ гапиришга қарор қилган ва бунинг учун BBC ҳамда “Медуза” билан боғланиб, интервью бермоқчилигини айтган.
“Мамлакатимиз ҳақида нима деб ўйлаётганимни айта олмайман. 24 февралда уруш бошланди. Мен ўшанда бошдан кечирган ҳис-туйғуларимни етказиш жуда қийин. Бу даҳшатли эди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Одам одамни ўлдиради ва бу ишни Россия қиляпти, мен буни қиладиган давлатда яшайман. Мен дастлабки икки кун жуда кўп йиғладим, мотам тутдим, гўё кимдир вафот этгандек, қайсидир қариндошимдан айрилгандек”, дейди Диана Исакова BBC билан суҳбатда.
Қизнинг отаси Эдуард Исаков Ханти-Мансийск автоном округи сенатори. У Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва Канаданинг санкциялар рўйхатига киритилган. Диана Эдуард Исаковнинг биринчи турмушидан бўлган қизи. У медитация ўқитувчиси. Бундан ташқари, йога, қўшиқ айтиш билан шуғулланади.
Қизнинг сўзларига кўра, у отаси билан бир неча масалаларда қарама-қарши нуқтаи назарга эга бўлган. Масалан, қиз 2020 йилда Навальний заҳарланганидан кейин отасидан яширинча Сочидаги митингга борган.
“Мен ҳар доим собиқ эрим билан ошхонада шу мавзуда суҳбатлашардим. Навальний заҳарланганда, унинг тирик қолмаслигидан жуда хавотирда эдик”, дейди у.
Шунингдек, BBC билан бўлган суҳбат давомида Диана Исакова эртами-кечми диктатура режими қулашини айтиб, отасининг тақдиридан хавотир билдирган.
“Мен унинг [отамнинг] тақдири нима бўлишидан хавотирдаман, чунки диктатура эртами-кеч қулашига ишонаман. Афсуски, бизнинг Ҳукуматдаги отам каби такаббур одамлар бошқа одамларни камситади. Улар ўзларини ортиқча баҳолайдилар. Уларда ҳозир содир бўлаётган ҳамма нарса абадий, Путин абадий, деган туйғу бор. Инсоният тарихидан хулоса қилишим мумкинки, диктатура эртами-кечми қулайди, одамлар уйғонади, ўз овози, иродаси борлигини эслайди. Буни, таъбир жоиз бўлса, одамларга етказиш учун қўлимдан келганини қиламан. Урушни қўллаб-қувватлаганлар уруш жиноятчисига айланиши ва судга тортилиши мумкин”, дейди Россия Федерацияси кенгаши аъзоси Эдуард Исаковнинг қизи.
Диана Исакова чиққан самолёт бугун, 19 август куни эрта тонгда янги мамлакатга қўнди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси