Чехия поездда Украинага қурол юборди

Олам

image

Чехия кеча, 27 февраль куни Украинага ёрдам бериш учун поездда қурол юборди. Бу ҳақда Чехия қуролли кучларининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилинди.

“Биз украиналик жангчиларга ёрдам жўнатяпмиз. Эрталаб [қурол юки] Чехия-Полша чегарасини кесиб ўтди ва [Украина ҳудудига] давом этмоқда. Биз кейинги [поездни] юклаяпмиз”, дейилади хабарда.

Чехия ҳукумати Украина Қуролли кучларига 220 миллион крон (тахминан 9,86 миллион доллар) миқдоридаги қурол ва ўқ-дориларни топширишни маъқуллаган. Булар пулемётлар, автоматлар, снайпер милтиқлари, тўппончалар ва тегишли ўқ-дорилардир. Чехия Мудофаа вазирлиги қурол-аслаҳаларни Украина томони белгилайдиган манзилга етказиб беради. Чехия Украина қуролли кучларига 152 мм калибрли 4000 та артиллерия снарядларини совға қилган.

Кейинроқ ҳукумат яна 400 млн крон (тахминан 17,9 млн доллар) мидоридаги қуролларни Украинага топширишни маъқуллаган.

“Биз тартибга соламиз, танлаймиз, топширамиз Украина бу борада ёлғиз эмас!”, дейилади Чехия Мудофаа вазирлигининг Twitter’даги саҳифасида.

Чехия ҳозирда қурол ортилган иккинчи поездни Украинага жўнатган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг