Буюк Британия Россияга қарши миллион-миллион пул ва 6 мингта қурол ажратяпти
Олам
−
24 Март 2022
8819Буюк Британия Украинага яна 6 мингта қурол, жумладан, танкга қарши ракеталарни бермоқчи. Бу ҳақда 24-25-март кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи, “Еттилик” гуруҳи ва НАТО саммитлари арафасида Бош вазир Борис Жонсоннинг идораси тарқатган хабарда айтилади.
Офисда таъкидланганидек, ташриф чоғида ҳукумат раҳбари Киевга ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини эълон қилади, шунингдек, "яна 6 мингта ракета", жумладан, танкга қарши ракеталар ҳам юборилади. Буюк Британия аллақачон Украинага 4000 дан ортиқ Жавелин ва NLAW танкга қарши ракета комплексларини юборган.
“Бирлашган Қироллик ўз иттифоқчилари билан биргаликда Украинага ҳарбий ва иқтисодий ёрдамни оширади”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Лондон қироллик ТИВнинг можаро зоналарида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус жамғармасидан Украина ҳарбийларига маош тўлаш учун 25 миллион фунт стерлинг (33 миллион доллар) ажратмоқчи.
Россия ва Украинадаги “дезинформация”га қарши кураш учун яна 4,1 миллион фунт стерлинг (5,4 миллион доллар) BBC’нинг бутун дунё бўйлаб хизматига йўналтирилади.
Шунингдек, Буюк Британия Украинадаги ҳарбий операция юзасидан тергов бошлаган Халқаро жиноий судни молиялаштириш учун 1 миллион фунт стерлинг (1,3 миллион доллар) ажратиши кутилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси