Бу шунчаки “қиёмат” – БМТ вакили Украинадаги вазият ҳақида
Олам
−
09 Март 2022
11674Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Украинада яна ўт очишни тўхтатишга чақирди. Ташкилотнинг гуманитар бошқармалари эса мамлакат аҳолиси “қиёмат”га дуч келаётганини таъкидламоқда.
Олий комиссар маълумотларига кўра, жорий йилнинг 24 феврал куни Россия Украинага ҳужум бошлаганидан бери мамлакатда камида 474 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 861 нафари яраланган.
Тинч аҳоли қурбонларининг аниқ сони бугунги кундагидан анча кўп бўлиши мумкин.
“Тинч аҳоли қурбонларининг аксарияти ҳаво ҳужумлари ва Россия кучларининг кенг диапазонли портловчи қурилмалар, жумладан, оғир артиллерия ва кўплаб ракета отиш мосламаларидан фойдаланиши оқибатида қурбон бўлган”, дейди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги вакили Лиз Тросселл.
БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштириш бошқармаси россиялик ҳарбийларнинг ўққа тутиши ва бир нечта ракета отиш мосламаларидан фойдаланишининг давом этиши фонида тинч аҳолини хавфсиз эвакуация қилиш ва гуманитар ёрдам олиш имкониятини таъминлаш учун самарали тизим яратиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
“Биз биринчи навбатда хавфсиз маршрутларни аниқлашимиз керак. Бизда кортежларни жўнатаётган ва кутиб олганларнинг алоқа рақамлари бўлиши керак. Ҳар бир ҳаракатнинг аниқ мақсадини билишимиз керак. Агар бирор нарса нотўғри бўлса, ишонч телефони бўлиши лозим”, дейди бошқарма вакили Йенс Лерке Женевада бўлиб ўтган брифингда.
Унинг айтишича, БМТ раҳбарияти конвойларнинг хавфсиз ўтиши бўйича келишувга эришиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда. Можарони ҳал этиш мақсадида ҳар икки томон билан музокаралар олиб борилмоқда.
“Кечадан бери БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси делегацияси Москвада бўлиб, Россия расмийлари, жумладан, Мудофаа вазири билан алоқада. Кеча улар биринчи учрашувни ўтказдилар, бугун эса музокаралар давом этди”, дейди Лерке.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан икки ҳафта ўтиб, мамлакатдаги гуманитар вазият ёмонлашишда давом этмоқда. Миллионлаб тинч аҳоли ҳужум остида қолмоқда.
“Оддий одамлар учун бу шунчаки “қиёмат”, уларда асосий эҳтиёжлар тугаб бормоқда. Ҳозир энг муҳими, ҳаётий ёрдамнинг бу одамларга етиб бориши. Бу савол ҳаёт-мамот масаласими? Албатта, ҳа. Гуманитар ёрдамнинг Мариупол ва ҳозирда можаро ўчоғида турган бошқа шаҳарларга имкон қадар тезроқ етиб бориши жуда муҳим”, дейди Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакили Юэн Уотсон.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси