Бу аҳмоқгарчиликни тўхтатинг! – Штайнмайер Путинга

Олам

image

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер бугун, 25 февраль куни Россия етакчиси Владимир Путинни Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. 

“Президент Путинга мурожаат қиламан: бу урушнинг аҳмоқгарчилигини тўхтатинг, ҳозироқ!”,  дейди Германия давлат раҳбари.  

Унинг фикрича, Украинадаги воқеалар русларга ҳам оғир оқибатлар олиб келади.  

"Барчангизга айтаман: биз рус халқи билан адоватни хоҳламаймиз, аксинча. Лекин бу адолатсизлик аниқ жавобсиз қолмайди", деди Штайнмайер. 

Германия Президентининг таъкидлашича, Германия ҳукумати НАТО ва Европа Иттифоқидаги ҳамкорлари билан реакция устида ишламоқда ва Москвани жиловлаш учун ҳаракат қилади.  

"Мен бу ҳужумдан олдин гапирганман ва яна айтаман: Россия Президенти демократиялар кучини паст баҳоламаслиги керак", дейди Штайнмайер. 

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франк-Вальтер Штайнмайер Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг