БП “UzAutoMotors”га нисбатан жиноят иши қўзғамади
Жамият
−
05 Ноябрь 2020
9479Хабарингиз бор, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган текширув якунлари бўйича “UzAutoMotors” АЖда қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли депутатлар Дониёр Ғаниев, Нодир Жумаев, Бекмирза Эшмирзаев, Зафар Жалолов, Анвархон Темиров мазкур масалани Бош прокуратура маҳкамаси томонидан ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши ва жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён этишни сўраб жорий йилнинг 21 август куни Бош прокурорга “Депутатлик сўрови” юборган эди.
Кўпчилик сайловчиларни қизиқтираётган сўров юзасидан шу йилнинг 4 ноябрь куни Бош прокурор ўринбосари имзоси билан хабарнома шаклида жавоб хати қайтарилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Бош прокуратура томонидан 2020 йил 28 октябрь санаси билан рўйхатдан ўтказилган хабарномада “UzAutoMotors” АЖда ўтказилган текширишда тўпланган ҳужжатлар бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилганлиги, агар текширишдан норози бўлсак қарор устидан шикоят қилишимиз мумкинлиги маълум қилинган”, дейди депутат.
Маълумот учун, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши, Сўровга жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAutoMotors”га "Рақобат тўғрисида"ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан иш қўзғаган эди. Якунда қўмита комиссияси компания бир нечта автомобиль моделлари нархини 3 млндан 19 млн сўмгача арзонлаштириши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.
Монополист эса бунинг имкони йўқлигини айтиб, қўмита қарори устидан судга шикоят қилди. Суд ишни кўриб чиқиб, даъвогар “UzAutoMotors”нинг талабини қондирди ва қўмита қарорини бекор қилди.
LiveБарчаси