Бошқа давлатларнинг Россия ишларига аралашуви бўйича комиссия тузилди
Олам
−
23 Март 2022
11162Россия Федерацияси Давлат думаси бугун, 23 март кундаги ялпи мажлисда қуйи палатанинг Россия ички ишларига бошқа мамлакатларнинг аралашуви фактларини текшириш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, комиссия олдига қуйидаги вазифалар қўйилади:
• хорижий давлатларнинг мамлакат ички ишларига аралашуви фактларини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
• аралашувга қарши курашиш бўйича қонунчилик чораларини қабул қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
• бундай фактлар тўғрисида хорижий давлатлар парламентлари, халқаро жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш.
Комиссия таркибига 15 киши кирди, у Думадаги “фракцияларнинг мутаносиб вакиллик принципи” асосида депутатлардан тузилган, дейилади қарорда. Комиссия таркибига “Ягона Россия” фракциясидан Василий Пискарев, Евгений Ревенко, Мария Бутина, Олег Матвейчев, Дмитрий Савельев, Андрей Альшевский ва Адальби Шхагошев, Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Александр Юшенко ва Юрий Синельшиков, Либерал-демократ партиясидан Андрей Луговой ва Сергей Леонов, "Адолатли Россия – Ҳақиқат учун" фракциясидан Яна Лантратова ва Михаил Делягин, "Янги одамлар" фракциясидан Роза Чемерис ва Антон Ткачев кирди.
Депутатлар, шунингдек, илова қилинган резолюция лойиҳасини қабул қилишди, унга кўра, Думанинг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раҳбари Василий Пискарев комиссия раиси этиб тайинланди. Унинг ўринбосарлари Альшевский, Делягин, Луговой, Синельшиков ва Чемерис бўлди.
“Россия Федерациясини қўшнилари билан жанжаллашишига ва у ерда рангли инқилобларни қўзғатишга бўлган доимий уринишлар тўхтамаяпти. 2020-2021 йилларда Беларусда ва 2022 йил январь ойида Қозоғистонда содир бўлган воқеалар бунга ёрқин мисолдир. Биз ҳаммамиз АҚШ ҳимоячиларининг Украинадаги жиноий ҳаракатларини аниқ кўриб турибмиз. Шу боис Ғарбнинг КХШТга аъзо давлатларнинг биродарлик иттифоқига тўсқинлик қилишга уринишларини тўхтатиш учун самарали ва машаққатли иш талаб этилади”, дейди Василий Пискарев.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси