БМТ яна Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда
Олам
−
06 Октябрь 2020
3405БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яна бир бор Озарбайжон ва Арманистонни Жанубий Кавказдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Гутерришнинг матбуот котиби Стеффан Дюжаррикнинг таъкидлашича, дунё ҳамжамиятининг чақириқларига қарамай, Арманистон-Озарбайжон можароси зонасида фаол жанговар ҳаракатлар давом этмоқда.
"Биз уруш зонасининг кенгайиши ва тинч аҳоли пунктларининг ўққа тутилишидан хавотирдамиз. Томонлар халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилишлари керак. Инқирозда ҳарбий ечим йўқ. Минтақавий ва халқаро ўйинчилар ўз таъсиридан фойдаланиб, БМТ шафелигида музокараларга қайтишга эришишлари керак”, деди Дюжаррик.
Икки мамлакат ўртасидаги қуролли ҳужумлар бошланганига бугун 10 кун тўлди. Можаронинг биринчи кунидаёқ Гутерриш томонларни муросага келишга чақирган эди. Бироқ, энг аввало Озарбайжон Республикаси буни рад этди.
Кеча, 5 октябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўт очишни тўхтатишга чақираётган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар 30 йилга вақт давомида Қорабоғ муаммосига панча ортидан қараб келгани, муаммони ҳал этмагани ёки буни истамаганини айтиб, энди Озарбайжон давлати ва халқи қуруқ ваъдаларга ишонмаслигини урғулади. Алиевга кўра,Озарбайжон музокаралар столига қайтишининг фақат битта йўли бор – кафолат. Талабга кўра, Арманистон Қорабоғ тупроқларидан қачон чиқиб кетишини маълум қилиши ва Бош вазир Пашинян Озарбайжон давлати ва халқидан узр сўраши керак.
расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.