Қорабоғ ишига Гутерриш аралашди. Бу сафар БМТнинг қўлидан нима келади?

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари билан мулоқот ўтказади. Гутерриш уларга Тоғли Қорабоғдаги вазиятни тўхтатиш кераклигини айтади. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.

"Бош котиб ҳар икки томонни ҳам зудлик билан жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, зиддиятларни пасайтириш ва музокараларга қайтишга чақиради", деди Дюжаррик. 

Баёнотда, шунингдек, Гутерриш Тоғли Қорабоғдаги вазиятдан ниҳоятда хавотирда эканлиги айтилган. У куч ишлатилишини қоралаган, жароҳатланганлар борлигидан эса афсусда, деб таъкидланган хабарда. 

Бош котиб Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Минск гуруҳи ҳамраисларининг ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Шунингдек, у можаро томонларини "мулоқотни зудлик билан тиклаш мақсадида улар билан яқин мувофиқликда ишлашга" чақирган.

Маълумот учун, Ўзбекистон томони ҳам Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларда кескинликнинг ошиши Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотаётганини айтганди.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг етмиш бешинчи сессиясида чиқиш қилган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон халқаро ҳужжатларга зид равишда ўт очиш сулҳини кескин бузиб келаётгани, таҳдид қилаётганини айтиб, Ереван Бакуга уруш очиш тараддудида турганини очиқлаганди. Бунга жавобан 25 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян чиқиш қилиб, Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди бўйича бир тарафлама музокара ва муроса тарафдори бўлаётгани, бироқ бу Ереваннинг манфаатларига мос эмаслиги, Озарбайжоннинг талаби билан ҳаммасини бошидан бошлаш эса, янги уруш очишга сабаб бўлишини айтганди


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Тоғли Қорабоғ Антониу Гутерриш Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг