Болаларни ҳимоя қилиш эртага эмас, бугундан бошланади – Шаҳноза Мирзиёева
Local
−
16:41 481 2 minutes
Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити давом этмоқда. Унда турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари, БМТ, UNICEF, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмаларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этяпти.
Тадбирда сўзга чиққан Шаҳноза Мирзиёева болалар фаровонлиги, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг муҳим вазифаси эканини таъкидлади.
“Болалар – бизнинг келажагимиз”, деган гапни кўп такрорлаймиз. Аммо ўзим она бўлганимдан кейин бу иборанинг маъносини янада теранроқ англай бошладим. Чунки ота-она учун фарзанд шунчаки келажак эмас. Фарзанд – бугунги кунимиз”, дейди у.
Шаҳноза Мирзиёева болаларни ҳимоя қилиш, аввало, уларнинг ёнида ёрдам берадиган ва хавфсизлигини таъминлайдиган инсон бўлишидан бошланишини қайд этган.
Унинг айтишича, рақамли оламнинг кенгайиши, дунёдаги беқарорлик ва зиддиятлар болалар ҳамда оилалар хавфсизлигига таъсир кўрсатмоқда. Бу муаммоларни ҳал этиш учун ҳукуматлар, бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарур.
“Биргаликда зўравонликка нисбатан мутлақо муросасизлик ва ҳар бир болага сўзсиз ҳурмат тамойилларига асосланган янги маданиятни шакллантиришимиз мумкин. Бугун болаларимизнинг бахти, саломатлиги ва хавфсизлиги бизнинг қўлимизда. Шунинг учун болалар олдидаги масъулиятимиз эртага эмас, айнан бугундан бошланади”, дейди Шаҳноза Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити доирасида оғир хасталикка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ тузилгани эълон қилиниб, унга Зироат Мирзиёева икки йил муддатга раис бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All