Арманистон урушга Россияни қўшишни истаяпти – Илҳом Алиев

Олам

image

Арманистон Тоғли Қорабоғдаги можароларни глобал урушга айлантиришни ва ўзига Россияни шерик қилиб олишни истаяпти. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Президенти Туркиянинг “TRT Haber” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

“Бизнингча, бунга йўл қўймаслик керак. Бу Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги уруш. Уни биз бошламадик ва сабабчиси ҳам биз эмасмиз. Биз фақат ўзимизни ҳимоя қиляпмиз ва ўз тупроқларимизни қайтаришларини истаяпмиз. Бизга Арманистон тупроқлари керак эмас. Зотан, жорий йилнинг июль ойида Озарбайжон ва Арманистон чегарасида Арманистон тарафидан бошланган қуролли тўқнашувда Озарбайжон Қуролли Кучлари чегарани босиб, Арманистон тарафга ўтгани йўқ. Ҳолбуки, биз чегарани босиб ўтиб, уларга кучли зарбалар берсак ҳам бўлар эди. Улар ортга чекинди, қаршимизда ҳеч қандай таъсиқ йўқ эди. Лекин бундай қилмадик. Чунки, бизнинг Арманистон Республикаси ераларида ҳеч қандай ҳарбий мақсадимиз йўқ”, дейди Илҳом Алиев. 

Алиевга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари айни вақтда Озарбайжоннинг бир неча вилоятларига қуролли ҳужумни уюштирмоқда. Бироқ, Озарбайжон ҳали Арманистон ерларига ҳужум қилмаган. “Улар бизнинг ҳужум қилишимизни кутишяпти ва шу орақали дунёга Арманистон бизга ҳужум қиляпти деган чақириқ билан чиқишмоқчи”, дейди Президент Алиев. 

Унинг қайд этишича, Озарбайжон ва Россия муносабатлари ҳар соҳада ривожланиб бормоқда. Россия Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарода на у, на бу мамлакатнинг тарафини оляпти. Масалага реал баҳо бермоқда. 

“Тарафкашлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳолбуки, Арманистон бундан жуда умидвор эди. Арманистоннинг ушбу можарони минтақанинг ташқарисига олиб чиқишдан мақсади ҳам унга Россияни жалб қилишдир. Нима учун бугун Арманистон ўз ерларидан туриб Озарбайжонга ҳужум қилмоқда? Сабаб шу: биз такрор ҳужум қилсак, улар Россия ва бошқа мамлакатлар аъзолигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котибиятига мурожаат қилади ва ёрдам сўрайди. Хўш, улар нега бу провакацияни июль ойида Озарбайжон ва Арманистон чегарасида амалга оширдилар? Ҳолбуки, бу ҳудуд Қорабоғдан анча узоқда эди. Уларнинг мақсади, бу провакацияга қарши биз ҳам чегарани босиб ўтиб, уларга ҳужум қилишимиз эди. Ана ундан кейин улар Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилиб, бошқалар билан Озарбайжонга қарши уруш очарди. Яъни улар шу йўл билан Россияни бу ишларга жалб қилишни истайдилар. Бу уларнинг навбатдаги провакацияси ва ўйлайманки, улар бунга муваффақ бўлмайдилар”, дейди Алиев. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12-16 июль кунлари икки мамлакат ўртасидаги вазият янада кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам қуролли тўқнашувга озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Расмий Баку 11 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 ярали ҳақида маълумот берди.

21 сентябрь куни Озарбайжон чегаранинг Товуз райони йўналишида ҳарбий хизматни ўтаётган аскар Арманистон қуролли кучлари томонидан ўққа тутиб ўлдирилганини айтиб чиқди.   


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

285

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг