“Энди ваъдаларга ишонмаймиз”. Алиев Пашиняннинг Қорабоғни қайтариши ва узр сўрашини талаб қиляпти
Олам
−
05 Октябрь 2020
10368Озарбайжон Республикаси Тоғли Қорабоғ можароли зонасида ўт очишни тўхтатиш борасида халқаро ҳамжамият ва давлатлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Минск учлигининг баёнотларини қабул қиладими? Мамлакат Президенти Илҳом Алиев Туркиянинг “TRT Haber” телеканалига берган интервьюсида энди бу чақириқларнинг аҳамияти қолмаганини айтиб, ўз шартларини маълум қилди.
“Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқлар муайян шартлар билан тўлдирилиши керак. Бугунгача бизга бу борада айтиб келинган чақириқлар, фақат ўт очишни тўхтатиш эмас, балки тўқнашувларни бостириш, музокараларни давом эттириш ҳақида бўлган. Лекин қайси музокарани, нима асосида давом эттириш ҳақида биров миқ этмаган. Мана, 30 йилга яқин вақтдан буён биз бу музокараларда умидлар билан иштирок этиб келяпмиз. Агар умидимиз бўлмаганда, музокараларда қатнашмас эдик. Ва ҳар сафар принципимиз бўлган. Бу принцип Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш эди. Босиб олинган ҳудудларнинг қадамба-қадам озод этилиши, бизга қайтирилиши ва ундан кейин тинчлик ўрнатилиши асосий мавзу эди. Бугун эса Арманистон аввал бошдан келишилган принципларни бузиб, бизга қарши янги ҳужумни амалга оширди. Табиийки, биз уларга қарши ҳужумга киришдик. Ва ўз тупроқларимизни Озарбайжон аскарларининг кучи билан озод қилдик. Шу боис, фақат ўт очишни тўхтатишга чақириқ ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас”, дейди Президент Илҳом Алиев.
Бундан аввал Пашинян ҳам Тоғли Қорабоғда тинчлик ўрнатилиши борасида ўз шартини эълон қилганди. Аммо у баёнотида Қорабоғнинг Озарбайжонга қайтарилиши ҳақида сўз очмаган. Аксинча, турк аскарларининг Кавказ ҳудудидан чиқиб кетиши талаб қилган. Агар Туркия аскарларини олиб чиқиб кетса, Қорабоғ Озарбайжонга қайтариладими ё йўқ, бу мавҳумлигича қолмоқда.
Илҳом Алиев турк телеканалига берган интервьюсида яна бир бор талабларини эслади. Унинг қайд этишича, энди Озарбайжон халқи ҳеч бир давлатнинг ва ҳеч бир халқаро ташкилот ёки воситачиларнинг қуруқ ваъдаларига ишонмайди.
“Бизнинг талабларимиз бор ва мен бу ҳақда расмий баёнот берганман. Бизга жиддий кафолатлар керак. Халқаро воситачилар бу кафолатларни тасдиқлашлари ва айни вақтда Арманистоннинг босиб олинган ҳудудларни тарк этиши бўйича жадвал – қачон қайси ҳудуддан чиқиб кетиши ҳақида маълумот берилиши керак. Биз истаймизки, ушбу муаммо тинч йўл билан ҳал этилсин. Ўртадаги воситачилар, масаланинг ҳал бўлишини эмас, фақат ўт очишни тўхтатишни сўрашяпти. Ўт очишни тўхтатиш бизда 1994 йилдан буён амалда. Ўтган йиллар давомида нега бу масала ҳал қилинмади? Нега БМТнинг қарорлари ижро этилмади? Нега тажовузкор давлатга санкциялар қўлланилмади? Ушбу барча саволлар ҳавода муаллақ қолмоқда. Уларга жавоб йўқ. Бугун эса Озарбайжоннинг шонли армияси бу тупроқларни қайтариш устида ҳаракат олиб бораётган бир вақтда, ташқаридан тўхтанг, кутинг деган чақириқлар келяпти. Урушнинг ўз қуроллари ва қонунлари бор. Ҳар бир куннинг аҳамияти бор. Биз ҳужумларни тўхтатиб турсак, қаршимиздагилар ҳаракатни бошлайди, одам тўплайди. Кўряпмизки, Арманистон мамлакат ташқарисида яшаётган арманларни ҳам бу урушга жалб этмоқда. Шу орқали улар бу урушни ҳудудийликдан чиқариб, глобал урушга айлантиришни истаяптилар. Шу боис бизнинг ўт ўчишни тўхтатишга нисбатан жавобиз битта: биз бунга тайёрмиз, аммо муайян шартлар бажарилгандан кейин”, дейди Алиев.
Озарбайжон Президентининг қайд этишича, Арманистон Бош вазири Қорабоғ тупроқларини Озарбайжонга ўз хоҳиш-иродаси билан қайтариши, Озарбайжон давлати ва халқидан узр сўраши керак. Шунингдек, Қорабоғ Озарбайжонники эканини тан олиши ва унинг ҳудудий яхлитлигига ҳурмат билан муносабатда бўлиши шарт. Ва энг сўнггиси – Пашинян Арманистон Қуролли Кучлари қачон қайси ҳудуддан чиқиб кетиши бўйича баёнот бериши лозим.
“30 йилдан бери кутяпмиз. 30 йилдирки, бизга берилган ваъдалар, айтилган сўзлар ҳаётда ўз ифодасини топгани йўқ. Озарбайжон давлати ва халқи ортиқ сабр қила олмайди. Бизга конкрет вақт айтилиши керак: улар қачон қайси ҳудуддан чиқиб кетади. Бордию улар бизга сўз берса ва яна сўзининг устидан чиқмаса, у ҳолда биз ҳам ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги қоидаларга риоя қилмаймиз”, дейди Илҳом Алиев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь