Пашинян ҳам Қорабоғда тинчлик ўрнатиш учун шартини айтди
Жамият
−
02 Октябрь 2020
22223Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғда тинчлик ўрнатиш учун ўз шартини очиқлади. Пашинян турк ёлланма аскарлари ва ҳарбий мутахассислари Жанубий Кавказни тарк этиши кераклигини талаб қилди. Бу ҳақда Канаданинг “The Globe and Mail” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Яқин Шарқдан келган террорчилар Туркия ҳомийлигида Озарбайжон тарафида жанг қиляпти. Туркия Жанубий Кавказни тарк этсагина ярашув бўлиши мумкин”, деган Бош вазир.
Ўз навбатида Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги республика Озарбайжон ва Туркиянинг ҳужумларига қатъият билан қаршилик кўрсатишда давом этишини билдирган бўлса-да Россия, АҚШ ва Франция раҳбарлигидаги ЕХҲТнинг Минск гуруҳи билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Аввалроқ, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Қорабоғда тинчлик ўрнатилиши учун Арманистон босиб олинган ҳудудлардан қўшинларини олиб чиқиб кетиши кераклигини айтганди.
Маълумот учун, расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.