БМТ Украинадаги уруш глобал иқтисодиётга қанча зарар келтиришини очиқлади

Олам

image

Россиянинг Украинага бостириб кириши 2022 йилда прогноз қилинаётган глобал иқтисодий ўсишнинг 1 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD)нинг кеча, 24 март куни эълон қилинган жаҳон иқтисодиётий ҳолати тўғрисидаги ҳисоботида айтилган.

“Ҳисоботдан олинган асосий хулоса бу йилги глобал ўсиш прогнозини пасайтиришдир. Ўтган йилнинг сентябрь ойида жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 3,6 фоизни ташкил этиши тахмин қилинган эди. Энди 2,6 фоизга ўсиш кутилмоқда ва бунинг асосий сабаби Украинадаги урушдир”, дейди UNCTAD глобаллашув ва ривожланиш стратегиялари бўлими директори Ричард Козул-Райт Женевада сўзлаган нутқида.

Қайд этилишича, инфляция ўсиб бормоқда ва ривожланаётган мамлакатлар аллақачон бир триллион долларлик қарз юкига эга. Бундай вазиятда UNCTAD ўзгарувчан валюта курслари, фоиз ставкаларининг ўсиши ва озиқ-овқат, ёқилғи нархларининг ўсишига дуч келган ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун аллақачон кўрилган молиявий чораларни етарли эмас, деб ҳисобламоқда.

Ҳисоботга кўра, ривожланаётган мамлакатларнинг молиявий ликвидлигини яхшилаш учун зудлик билан кўлами ва амбициялари бўйича Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ғарбий Европани тиклашга ёрдам берган АҚШнинг “Маршалл” режаси билан қиёсланадиган кўп томонлама молиявий ислоҳот амалга оширилиши керак. Бу ривожланаётган ва ўртача даромадли мамлакатларнинг эҳтимолий банкротлигининг олдини олишга ёрдам беради.

“Жаҳон иқтисодиётининг прогнози тез ёмонлашмоқда ва бу йил, икки йиллик COVID-19 инқирозидан сўнг, глобал иқтисодиётнинг ўртача ўсиш суръати ўтган йилги 5,5 фоизга нисбатан 2,6 фоизни ташкил этади”, дейди. UNCTAD бош котиби Ребека Гринспан.

Гринспан Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкини фавқулодда чоралар кўришга, хусусан, тўлов баланси муаммолари бўлган мамлакатларга ёрдам бериш учун ХВЖ тақдим этаётган тезкор молиялаштириш воситаларидан фойдаланишга чақирди.

“Вазият ҳамма учун ёмонлашмоқда”, деб давом этган UNCTAD раҳбари иқлим инқирози Африкадаги қурғоқчилик, давом этаётган COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш каби салбий рол ўйнаганини таъкидлаб.

Таъкидланишича, ҳатто нисбатан бой давлатлар ҳам яшаш нархининг ошиб боришига дуч келган ҳолда, омон қолиш учун халқаро молия тизимига мурожаат қилмоқда. Аммо энг қашшоқ, импортга қарам давлатлар глобал иқтисодий таназзулдан кўпроқ зарар кўради.

“Асосий юк озиқ-овқат, энергия ва ўғит нархларининг кескин ошиши, шунингдек, молиявий инқироз туфайли ривожланаётган мамлакатлар зиммасига тушади”, дейди Гринспан.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made