БМТ эртага Россиянинг тақдирини ҳал қилади

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Украинадаги вазият бўйича навбатдан ташқари сессияси, кутилганидек, эртага, 23 март куни бошланиб, ҳафта охиригача давом этади. Унинг иштирокчилари гуманитар вазият бўйича резолюция учун овоз беради. 

Маълумотни БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси раисининг расмий вакили Полина Кубияк тасдиқлади. 

“Бош Ассамблеянинг 11-фавқулодда фавқулодда сессияси 23-март куни бўлиб ўтади”, дейилади Кубияк баёнотида.  

Бош Ассамблеянинг навбатдан ташқари сессияси заруратга қараб чекланмаган миқдорда қайта тикланиши мумкин. Аввалроқ, Бош Ассамблеяга Украинадаги гуманитар вазият бўйича резолюция лойиҳаси киритилган эди, шу муносабат билан навбатдан ташқари сессияни 22 март куни қайта бошлаш режалаштирилди, бироқ ташкилий масалалар туфайли сессия 23 мартга кўчирилди. 

Бош Ассамблея томонидан қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатда Россия Федерациясини “Украинага қарши душманона ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга” чақирилади. Матнда, шунингдек, тинч аҳоли ва инфратузилма объектлари, шифокорлар ва журналистлар ҳимоясини таъминлаш, уруш зоналарини тарк этиш имконияти, гуманитар ташкилотларнинг ёрдамга муҳтож одамларга етиб боришни таъминлаш талаблари мавжуд. Ҳужжатда БМТ давлатларидан Украинага инсонпарварлик ёрдами етказилишини молиялаштириш ва уни жаҳон ташкилоти орқали етказишни давом эттиришга чақирилади. Резолюция лойиҳаси “барча томонлар ўртасида” музокараларни давом эттириш ва “Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги зиддиятни сиёсий мулоқот, музокаралар, воситачилик ҳаракатлари ва бошқа тинч йўллар орқали зудлик билан ҳал этиш”га чақиради. 

Бош Ассамблеянинг навбатдан ташқари сессиясининг янги йиғилиши бир неча кун давом этиши кутилмоқда – аниқ саналар Украинадаги вазият ҳақида гапирмоқчи бўлган иштирокчилар сонига боғлиқ бўлади. Ҳафта охирида муҳокамадан сўнг резолюция бўйича овоз бериш кутилмоқда. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украинага босқин Россия-Украиана уруши

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг