Байденга импичмент эълон қилиш бўйича резолюция тақдим этилди

Олам

image

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси Грег Стюби (Флорида штатидан сайланган республикачи) Конгрессда мамлакат етакчиси Жо Байденни президентлик лавозимини обрўсизлантириш ва қонун устуворлигини бузганликда айблаб, унга импичмент эълон қилиш масаласини кўтарди. Бу ҳақда кеча, 11 август куни конгрессмен ўз сайтида ёзма баёнот берди.

"Жо Байденга импичмент эълон қилиш вақти аллақачон ўтган. У ўз маъмуриятининг яхлитлигига путур етказди, президентликни обрўсизлантирди, президент сифатида унга билдирилган ишончга хиёнат қилди ва америкаликлар зарарига қонун устуворлиги ҳамда адолатни бузди. Байденлар оиласи Байденнинг давлат лавозимларидан шахсан пора, таҳдид ва фирибгарлик йўли билан фойда кўрган. Жо Байденнинг Оқ уйда ўтиришига ва мамлакатимизни сотишда давом этишига йўл қўйиб бўлмайди”, деб ёзган қонун чиқарувчи.

Айтиш жоизки, бу Байденнинг импичменти ҳақидаги мақоланинг АҚШ Конгрессига биринчи марта тақдим этилиши эмас. Республикачилар Маржори Тейлор Грин ва Лорен Боберт илгари ҳам бу ташаббус билан чиққан. Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти ҳам импичмент жараёнини бошлаш нияти борлигини маълум қилган. Унинг фикрича, бу Байден ва оиласининг коррупцион схемаларга алоқадорлиги ҳақидаги ҳақиқатни аниқлашнинг ягона йўли. Бироқ, бу ниятларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳозирча ҳеч қандай чоралар кўрилмаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Байденлар оиласи аъзолари – Хантер, Жеймс ва Халле Байденлар ҳамда уларнинг компаниялари 2015 йилдан 2017 йилгача Хитойнинг State Energy HK Limited компаниясидан 1,3 миллион доллар пул олгани аниқланганди. Шунингдек, Хантер Байден россиялик, қозоғистонлик ҳамда украиналик тадбиркорлардан пул олгани айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ импичмент Конгресс Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг