“Бигфут ҳақида қайдлар”: АҚШ қор одамига оид ҳужжатларни махфийликдан чиқарди
Бу қизиқ
−
435 2 дақиқа
АҚШ Ўрмон хизмати “Бигфут ҳақидаги қайдлар” номи билан маълум бўлган махфий ҳужжатларни эълон қилди. Уларда Америка ўрмонларида юз бергани айтилаётган қор одами билан учрашувлар тўғрисидаги 3 ҳисобот жамланган. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, материалларда Монтана ва Вашингтон штатларида содир бўлган воқеалар ҳақидаги ҳикоялар жамланган бўлиб, уларнинг энг қадимгилари 1941 йилга бориб тақалади.
Ҳужжатлар жорий йилнинг 15 октябрь куни Ўрмон хизматининг электрон кутубхонасига – ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун доирасида материаллар эълон қилинадиган бўлимга жойлаштирилган. Улар алоҳида эълонсиз “Бигфут ҳақидаги қайдлар” бўлимида пайдо бўлган. Газета буни давлат сирини ташкил этган ҳужжатларнинг расман махфийликдан чиқарилиши эмас, балки тарихий материалларга кириш имкониятининг очилиши сифатида таърифламоқда.
Файллардан бири 1982 йилда Вашингтон штатидаги Уматилла миллий ўрмонида ўтказилган терговга бағишланган. Ўрмон патрули ходими Пол Фримен раҳбариятга ғайриоддий мавжудотни кўрганини маълум қилган, бир неча кундан кейин эса оёқ изларини топганини айтган. Уларни АҚШ Чегара патрулининг биологи ва изқуварлик бўйича мутахассиси ўрганиб чиққан. Улар изларни бигфут қолдирмаган деган хулосага келган: хусусан, оёқ излари бир-биридан ажралган ҳолда бўлиб, уларда у ёқдан у ёққа тебратилган бирор буюм ёрдамида ясалганлик белгилари аниқланган.
Яна бир ҳужжат – 1980 йилда ёзиб олинган ва 1940 йилларда Монтана штатининг Петти-Крик туманида юз берган воқеаларга бағишланган Лео Киннининг олти саҳифалик ҳикоясидир. Овчилар йирик изларни пайқаган, ўткир ҳидни сезган ва хурракка ўхшаш товушларни эшитган. Улар ўрмоннинг тахминий мавжудотини кўрмаган ва таъқибни давом эттирмасликка қарор қилган. Учинчи файл эса 2003 йилда Монтана штатининг Сандерс округида бигфутнинг эҳтимолий излари топилгани ҳақидаги газета мақоласидан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги номаълум аномал ҳодисаларга оид махфийликдан чиқарилган материалларнинг саккизинчи тўпламини эълон қилганди. Унга 43 та файл: 40 та ҳужжат ва учта видеоёзув киритилган.
Live
Барчаси