Байденнинг ўғли россиялик ва қозоғистонлик олигархлардан пул олгани аниқланди
Олам
−
10 Август 2023
10070АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер Байден россиялик, қозоғистонлик ҳамда украиналик тадбиркорлардан пул олгани аниқланди. Бу ҳақда “Fox News” АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси назорат қўмитаси раҳбари, конгрессмен Жеймс Комерга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Хантер Байден Украинанинг Burisma Holdings энергетика компанияси раҳбари Николай Злочевский, россиялик тадбиркор Елена Батурина ва қозоғистонлик тадбиркор Кенес Ракишевдан кўп миллион долларлик ўтказмаларни олган.
Батурина хонимдан 3,5 миллион доллар Ҳантер Байден ва унинг бизнес шериги Девон Арчернинг Rosemont Seneca Thornton ширкати ҳисобига ўтган. Шундан 1 миллион доллари кейинчалик жаноб Арчернинг шахсий ҳисобига ўтказилган. Шунингдек, 2,5 миллион доллар Rosemont Seneca Bohai'ни молиялаштириш учун юборилган.
Меморандумга кўра, ушбу компания хорижий манбалардан пул олиш учун ташкил қилинган.
Ҳужжатда айтилишича, 2014 йилнинг баҳорида Украина собиқ экология ва табиий ресурслар вазири ва мамлакатнинг энг йирик газ компанияси Burisma Holdings президенти Николай Злочевский Девон Арчер ва Хантер Байден ҳисобига 1 миллион доллар ўтказган.
Бундан ташқари, меморандумда 2014 йилнинг баҳорида қозоғистонлик тадбиркор Кенес Ракишев Rosemont Seneca Bohai ҳисобига 142,3 минг доллар ўтказгани, эртаси куни эса Хантер Байден ҳам худди шундай суммага спорт автомобили сотиб олгани айтилади.
Қайд этилишича, Жо Байден вице-президентлиги даврида унинг ўғли Хантер ва унинг бизнес ҳамкорлари хорижий ҳамкорлардан 20 миллион доллардан ортиқ маблағ олган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Байденлар оиласи аъзолари – Хантер, Жеймс ва Халле Байденлар ҳамда уларнинг компаниялари 2015 йилдан 2017 йилгача Хитойнинг State Energy HK Limited компаниясидан 1,3 миллион доллар пул олгани аниқланган.
LiveБарчаси