Байден Украинага HIMARS берилишини эълон қилди
Олам
−
02 Июнь 2022
9415АҚШ ҳукумати Украинага 700 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этмоқда. Унга HIMARS (High Mobility Artillery Rocket Systems) ялпи ҳужум реактив тизимлари (ЯҲРТ) ва уларнинг ўқ-дорилари ҳам киради. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден ва Давлат котиби Энтони Блинкеннинг кеча, 1 июнь куни эълон қилган баёнотларида айтилади.
Америка раҳбарининг таъкидлашича, гап “Украина ҳарбийларига ўз вақтида ва муҳим ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган янги пакет” ҳақида кетмоқда. У АҚШ Киевга ҳарбий соҳада ёрдам беришда давом этишига ишонтирган.
“Янги [ёрдам] пакети уларни янги активлар ва энг янги қуроллар, жумладан HIMARS билан таъминлайди”, дейди Байден.
Блинкеннинг аниқлик киритишича, бу Россия Украинага ҳужум бошлаганидан бери Киевга юборилаётган 11-ҳарбий ёрдам пакети. Давлат котиби берган ҳисоб-китобларга кўра, Вашингтон ўшандан бери Киевга мудофаа учун 4,6 миллиард долларга яқин ёрдам ўтказган. Блинкен янги пакет қарийб 40 миллиард доллар миқдоридаги маблағлардан ажратилаётганини қўшимча қилган.
Пентагонда маълум қилинишича, Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ва АҚШ штаблари бошлиқлари раиси генерал Марк Милли украиналик ҳамкасблари, Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак ва Қуролли Кучлар бош қўмондони генерал Валерий Залужний билан телефон орқали суҳбатлашган ва янги ёрдам пакетини муҳокама қилган.
Янги ёрдам пакетига қуйидагилар киритилмоқда:
• юқори ҳаракатланувчи артиллерия ракета тизимлари ва ўқ-дорилар
• 5 та артиллерияга қарши радар;
• 2 та ҳарбий кузатув радари;
• 1000 та Javelin
• 6000 та танкга қарши қурол:
• 15 000 та калибри 155 мм.ли артиллерия снарядлари;
• 4 та Ми-17 вертолёти;
• 15 та тактик машина
• эҳтиёт қисмлари ва ускуналар.
Эслатиб ўтамиз, матбуотда Вашингтон Украинага HIMARS тизимларини бериши ҳақида хабарлар тарқалгач, Россия томони АҚШга норозилик билдирганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси