Арманистонда давлат мадҳияси ва гербини ўзгартириш таклиф қилинди
Олам
−
30 Январь
4167Арманистон парламенти спикери Ален Симонян республиканинг давлат герби ва мадҳиясини ўзгартиришни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Менга аёнки, Арманистон Республикасининг мадҳияси эртами-кечми ўзгартирилиши, у арманча бўлиши, давлатимиз ва арман мусиқасига алоқадор бўлиши ва мадҳия қоидаларига риоя қилиши керак. Мен уни буюк Арам Хачатуряннинг мусиқаси билан алмаштириш керак, деб айтмаяпман. Бу менинг фикримча, ажойиб, мисли кўрилмаган ва имкон қадар миллий оҳангда бўлиши, аммо чет элга хос тараннумни ўзгартириш зарур", деб ёзди у.
Симонян давлат гербини ўзгартириш масаласини ҳам муҳокама қилиш кераклигини қўшимча қилди.
Спикер ҳозирги гербдаги шер тасвири Facebook'даги кулувчи смайликка ўхшашини, Арманистонни ҳимоя қиладиган қилични занжирлаб қўйилган ҳолда тасвирланганини танқид қилган.
Қайд этиш жоизки, бу мамлакат расмийлари томонидан Арманистон мадҳияси ва гербини ўзгартириш таклифи биринчи марта берилиши эмас.
Бош вазир Никол Пашинян аввалроқ бир неча бор гербдаги Арарат тоғи Туркия ҳудудида жойлашгани учун “нотўғри кодларни ўз ичига олгани”га шама қилган эди.
Арман мухолифати эса мамлакат расмийлари Туркия ва Озарбайжон илтимосига кўра мадҳия ва гербни ўзгартиришни хоҳлаётганини, бироқ бунга журъат эта олмаётганини даъво қилмоқда. Шунингдек, мухолифат ҳукуматнинг янги конституция қабул қилиниши ҳақидаги баёнотлари ҳам Туркия-Озарбайжон талабларига мос келишига ишонади.
Пашиняннинг танқидчиларига кўра, шу сабабли ҳукумат Асосий қонундан 1990 йилда қабул қилинган Арманистон Мустақиллик Декларациясига ҳаволани олиб ташлашга ҳаракат қилмоқда. Ушбу ҳужжатда Тоғли Қорабоғнинг Арманистонга қўшилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Қирғизистон давлат байроғи расман ўзгартирилган ва шу ой бошида пойтахт Бишкекнинг бош майдони “Ала-Тоо”да Қирғизистоннинг янги байроғи тантанали равишда кўтарилганди.