Арманистонга янги конституция керак – Пашинян
Олам
−
19 Январь
4249Арманистон Бош вазири Никол Пашинян республикага янги конституция кераклигини айтди. Бу ҳақда у Адлия вазирлиги ходимлари билан учрашувда сўз очди.
“Адлия вазири билан бир-икки ишчи суҳбатлар чоғида, ўзимнинг ва бир қатор ҳамкасбларимнинг фикрига кўра, Арманистонга янги конституция кераклигини қайд этдим. Бу кенгроқ муҳокама мавзуси бўлиши учун ушбу фикрни билдираман, қонунларни тузатиш эмас, балки янгилаш керак. Арманистон Республикаси овоз бериш натижаларига кўра, халқ томонидан қабул қилинган конституцияга эга бўлиши ва бу шубҳа уйғотмаслиги керак. Бу ҳам қонунийлик билан боғлиқ муҳим акцентдир”, дейди Пашинян.
Унинг сўзларига кўра, Арманистон “янги геосиёсий ва минтақавий шароитларда янада рақобатбардош ва ҳаётий” қомусга эга бўлиши керак. Пашинян атрофдаги дунё жуда юқори тезликда ўзгараётгани, шунинг учун Арманистон ўз хавфсизлигини таъминлаш йўлларини қидириши жоизлигига тўхталган. Унинг қўшимча қилишича, келажакка стратегик қараш Арманистон “суверен, ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлат” бўлиши кераклигини билдиради.
Пашинян Арманистоннинг халқаро тан олинган ҳудуди ва чегараларини белгилаш зарурлигини ҳам қўшимча қилган. Бош вазир, шунингдек, Конституциявий суднинг мамлакат хавфсизлигини таъминлашдаги ролини таъкидлади. У амалдаги парламент бошқаруви шаклини Арманистон учун энг мос, деб билишини урғулади.
Бироқ Пашинян янги конституцияни ишлаб чиқиш ва унга ўтиш учун ҳеч қандай муддат кўрсатмаган.
LiveБарчаси