Расман: Қирғизистон давлат байроғи ўзгарди
Олам
−
23 Декабрь 2023
37507Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат парламенти томонидан жорий йилнинг 20 декабрида қабул қилинган “Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Айтилишича, қонун асосий давлат рамзларидан бири – мамлакат байроғини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган. Мазкур қонун билан Қирғизистон байроғидаги қуёш нурларининг шакли тўлқинлидан тўғри чизиқларга ўзгартирилди.
Шунингдек, қонунда давлат байроғи тасвири туширилган барча турдаги расмий ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар, автотранспорт воситаларининг давлат байроғи тасвири туширилган давлат рақамлари ва транспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар эса тегишли орган томонидан уларни алмаштириш тўғрисидаги тегишли қарор қабул қилингунга қадар амал қилиши белгилаб қўйилган.
Президент матбуот котиби Аскат Алагозовнинг тушунтиришича, қонун “Эркин-Тоо” газетасида (газета келаси сешанба куни чиқади) эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
“Вазирлар Маҳкамаси ўз қарори билан Давлат байроғининг техник тавсифларини тасдиқлаши шарт. Бунинг асосида янги байроқ тайёрланади ва бинолардаги байроқлар алмаштирилади. Бу бироз вақт талаб этади”, дейди у.
Президент матбуот котибининг таъкидлашича, амалдаги давлат байроғига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш талаблари янгиси осилган тақдирда ҳам ўз кучида қолади. Алагозов бу Президент Садир Жапаровнинг аниқ кўрсатмаси эканини қўшимча қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь