АҚШ ва Европа Бучадаги қирғин учун янги санкциялар тайёрлашни бошлади

Олам

image
Бучада қирғин. Дунё россияликлар ташлаб кетган шаҳардан даҳшатга тушди (фоторепортаж) north_east

Бучада қирғин. Дунё россияликлар ташлаб кетган шаҳардан даҳшатга тушди (фоторепортаж)

Америка Қўшма Штатлари “тез орада” Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга тайёр. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс маълум қилди.

У кеча, 3 апрель куни MSNBC эфирида эълон қилган баёнотида Қўшма Штатлар Владимир Зеленскийнинг Россия Федерациясининг Бучадаги жиноятлари учун янги санкциялар жорий этиш чақириғига қандай муносабатда бўлиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Санкцияларимиз ҳақида гап кетганда, биз ҳар доим президент Путинга, Кремлга, унинг атрофидаги барчага, шу жумладан Украинага қарши урушга ваколат берган олигархлар ва уларнинг яқинларига босим ўтказишда давом этишимизни айтганмиз... Тез орада кўпроқ ҳаракатни кўрасиз, деб ўйлайман”, деган у.

Давлат департаменти вакили, шунингдек, Қўшма Штатлар ушбу жиноят айбдорларини жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солишини айтган.

“Биз аллақачон рус қўшинлари ҳарбий жиноятлар содир этганини кўрдик. Ҳозир биз маълумот тўплаяпмиз, биринчи навбатда улар нима қилаётганини ёритиш, шунингдек, ушбу жиноятларни содир этганларнинг барчаси жавобгарликка тортилишини таъминлаш учун ишлаяпмиз. Бу бизнинг вазифамиз”, деб давом этган у.

Қайд этиш керакки, Европа Иттиофқи раҳбарлари ҳам Россия Федерациясининг Бучадаги жиноятлари ортидан жим тура олмади.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Бучадаги фожиадан кейин, Европа Иттифоқи Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши санкцияларни кучайтиради ва мудофаа масалаларида Киевга ёрдамни кучайтиришини маълум қилди.

Россияга қарши чеклов чораларини кучайтириш зарурлигини Германиянинг Иқтисодий ишлар ва иқлимни муҳофаза қилиш вазири Роберт Хабек ҳам айтди.

“Мен санкцияларни кучайтиришни мақсадга мувофиқ деб биламан. Биз Европа Иттифоқидаги ҳамкорларимиз билан бунга тайёрланяпмиз”, деган вазир.

Молия вазири Кристиан Линднернинг айтишича, Берлин 4 апрелдан бошлаб ҳамкорлари билан санкцияларни кучайтириш масаласини муҳокама қила бошлайди.

Европа расмийлари бу қарорни Украина расмийларининг Буча шаҳридаги воқеалар ҳақидаги хабарлари билан изоҳламоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Украина расмийлари Киев вилоятининг россияликлар ташлаб кетган Буча шаҳрида кўплаб тинч аҳоли вакиллари қийноқлар билан ўлдирилгани ҳақида хабар бера бошлади. Шаҳарда юзлаб одамлар ваҳшийлик қурбони бўлгани айтилмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Буча қирғини

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг