АҚШ ва Буюк Британия Алишер Усмоновга санкция жорий қилди
Олам
−
04 Март 2022
6419Кеча, 3 март куни куни Оқ уй Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков, россиялик тадбиркорлар Евгений Пригожин, Борис ва Аркадий Ротенберглар ҳамда Алишер Усмоновга қарши тўлиқ блокировка қилувчи санкциялар жорий этилганини эълон қилди.
АҚШ санкцияларига дучор бўлган шахслар рўйхатига “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раиси Игорь Шувалов ва “Транснефть” президенти Николай Токарев ҳам киритилган. Санкциялар уларнинг оила аъзоларига ҳам тегишли бўлади.
“Бу шахслар ва уларнинг оила аъзолари АҚШ молия тизимидан узилади, уларнинг Қўшма Штатлардаги активлари ва мулклари музлатилади”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Бундан ташқари, АҚШ 19 нафар россиялик олигарх ва уларнинг 47 нафар оила аъзолари ва яқинларига нисбатан виза чекловлари жорий қилмоқда.
“АҚШ ва бутун дунё расмийлари Россия элитаси вакиллари ҳамда уларнинг оилалари активларини аниқлаш ва музлатиш устида иш олиб боради”, дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Россия ёки Украинада жойлашган ва ушбу тузилмаларда етакчи роль ўйнаган еттита рус ташкилоти ва 26 шахсга “дезинформация” учун блокировка қилувчи санкциялар киритади. Санкциялар остида қолган ташкилотлар орасида “Стратегик маданият жамғармаси”, “Евроосиё ритми” нашри ва “Камертон” журнали бор.
АҚШ Президенти Жо Байден санкциялар рўйхатининг кенгайтирилишига изоҳ бериб, ҳозирда 50 дан ортиқ тадбиркор ва қўшимча равишда уларнинг яқин шерикларига нисбатан чекловлар қабул қилинганини таъкидлаган.
“Бугун биз рўйхатга ўнлаб исмларни қўшмоқдамиз ва 50 дан ортиқ россиялик олигархлар, уларнинг оилалари ва яқинларининг Америкага киришини тақиқлаяпмиз”, деб ёзган у Twitter’даги саҳифасида.
Шунингдек, Буюк Британия ҳам миллиардер Алишер Усмонов ва Россия Бош вазирининг собиқ биринчи ўринбосари, ВЭБ.РФ давлат корпорацияси раиси Игорь Шуваловга қарши санкциялар жорий қилган. Чекловлар Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс томонидан киритилган.
Қайд этилишича, Усмоновнинг Англиянинг “Эвертон” футбол клуби билан тижорий алоқалари музлатилган.
“Бугун ҳукумат Буюк Британияда муҳим манфаатларга эга ва Кремль билан яқин алоқага эга бўлган икки етакчи рус олигархлари Алишер Усмонов ва Игорь Шуваловга нисбатан активларини тўлиқ музлатиб қўйгани ва уларнинг мамлакатга саёҳатини тақиқлаганини эълон қилди”, дейилади Британия ҳукумати сайтида.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг февраль ойи охирида Усмонов Европа Иттифоқи санкцияларига учраган эди. У буни асоссиз қилинган деб ҳисоблайди ва бу қарорга эътироз билдиришга ваьда берган.
Санкциялар туфайли у Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти сифатидаги фаолиятини тўхтатган. “Металлоинвест” холдинги матбуот хизмати Усмоновга нисбатан шахсий санкциялар “Металлоинвест” ва бошқа USM компанияларига таъсир қилмаслигига ишонтирган, чунки тадбиркор холдинг бош компаниясининг 50 фоиздан камига эгалик қилади.
Шувалов эса 24 февраль куни Европа Иттифоқи, Канада ва Швейцария санкциялари остида қолган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси