АҚШ Украинага йирик партияда Stinger ва Javelin етказиб берди
Олам
−
08 Апрель 2022
8318Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами 1 400 дан ортиқ Stinger зенит-ракета тизимларини, 5 000 дан ортиқ Javelin танкга қарши ракета тизимларини ва юзлаб Switchblade снарядларини ўз ичига олади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилади.
“Март ойида Президент (Жо Байден) томонидан тасдиқланган иккита ҳарбий ёрдам пакетидаги танкга қарши ва ҳаво ҳужумига қарши тизимларнинг барчаси етказиб берилди”, дейилади ҳужжатда.
Унда қайд этилишича, “маъмурият иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан Киевга берилиши мумкин бўлган қўшимча қуролларни аниқлаш бўйича ишлашда давом этмоқда”.
“30 дан ортиқ давлат Украинага ҳарбий ёрдам юборди, бу қисман бизнинг дипломатик саъй-ҳаракатларимиз туфайли”, дея қўшимча қилган Оқ уй.
Баёнотда айтилишича, жорий йилнинг 24 февралидан бери АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдамининг умумий миқдори 1,7 миллиард долларга, 2021 йил январидан буён эса 2,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. У шунингдек, Javelin’дан ташқари 7 мингдан ортиқ танкга қарши тизимлар, 50 миллион донадан ортиқ ўқ-дорилар, 45 минг тўплам ўқ ўтказмайдиган жилетлар ва дубулғалар, лазерли бошқарув тизимига эга ракета тизимлари, артиллерия, дрон ва миномётларга қарши курашиш учун радар станциялари ва бошқаларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, ушбу ёрдам Puma дронлари, зирҳли транспорт воситалари, тунги кўриш тизимлари ва алоқа воситаларини тақдим этишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Сенати 6 апрель куни Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни соддалаштириш мақсадида Украинага Ленд-лиз (АҚШ Иккинчи Жаҳон урушидаги иттифоқчиларини ўқ-дорилар, жиҳозлар, озиқ-овқат, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар, стратегик хомашё, шу жумладан нефть маҳсулотлари билан таъминлайдиган ҳукумат дастури) асосида қурол етказиб бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси