АҚШ Навальнийнинг ўлими ортидан Россияга янги санкциялар эълон қилади

Олам

image

АҚШ 23 февраль куни россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг колонияда ўлими муносабати билан Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилади. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.

Унинг айтишича, Президент Жо Байденнинг кўрсатмаси билан Навальний билан содир бўлган воқеа учун Россияни жавобгарликка тортиш учун кенг қамровли санкциялар пакети эълон қилинади.

“Россия ҳукумати дунёга воқеани қандай айтишга қарор қилса ҳам жавобгарлик Президент Путин ва унинг ҳукумати зиммасида экани аниқ”, дейди Кирби.

Унинг таъкидлашича, мухолифат етакчисининг ўлими бўйича ишончли тергов бўлмаса, Вашингтон Москванинг сўзини қабул қилмайди.

“Биз Россия ҳукуматидан унинг қандай вафот этгани ҳақида тўлиқ шаффофликни талаб қиламиз”, дейди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори.

Жон Кирбининг қўшимча қилишича, санкциялар Москванинг Украинага қарши икки йилдан бери давом этаётган урушига ҳам жавоб бўлади. Янги пакетнинг эълон қилиниши Россиянинг қўшни давлатга тўлиқ миқёсли бостириб киришининг икки йиллигига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, россиялик мухолифатчи Алексей Навальний колонияда вафот этгани ҳақида Федерал жазони ижро этиш хизмати Ямал бўйича департаменти маълум қилди. Бир неча сиёсатчилар эса Навальний Кремль томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида гапирди. АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Навальнийнинг ўлими учун Путин жавобгар эканини айтди. 

“Интерфакс” нашри шифокорлар Навальнийни жонлантиришга ярим соатдан кўп ҳаракат қилгани ҳақида ёзди. Мухолифатчининг оиласи ҳам унинг ўлимини тасдиқлади. Бу ҳодисалар ортидан эса йирик намойишлар бошланиб кетди. Жорий йилнинг 16 февраль куни АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис Мюнхенда бўлиб ўтаётган хавфсизлик конференциясида Алексей Навальнийнинг беваси Юлия билан учрашди ва унга таъзия билдирди. 

Эртаси куни, 17 февралда бўлса Навальнийнинг онасига ўғлининг жасади берилмади, бунинг ортидан 46 мингдан ортиқ киши расмийлардан марҳумнинг жасадини оиласига қайтаришни талаб қилди. Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари борасидаги санкцияларига Навальний номини берди. Шундай қилиб, Навальнийнинг жасади яна икки ҳафта “экспертиза”дан ўтказиладиган бўлди. Бугун, 20 февраль куни Навальнийнинг онаси Путинга видеомурожаат билан чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алексей Навальний санкциялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг