Афғонистон шимоли-ғарбида “Толибон” ҳужуми тўхтатилди

Олам

image

Афғонистонда ҳукумат кучлари “Толибон” ҳаракати  жангариларининг Калайи-Нау шаҳрига қилган ҳужумини қайтарди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВга асосланиб хабар берилган.  

Калайи-Нау — Бадғис вилоятининг маркази, у Туркманистон билан чегарада жойлашган. Таъкидланишича, толиблар шаҳарга кеча, 9 июль куни кечқурун ҳужумга ўтган, тўқнашувлар тун бўйи давом этган. 

“Тўқнашувларда 50 дан ортиқ жангари ўлдирилди ва яраланди”, дейилган хабарда. 

Аввалроқ, “Толибон” жангарилари Афғонистоннинг аҳолиси бўйича иккинчи шаҳри бўлган Қандаҳорнинг туманларидан бирига ҳужум қилган эди. Манбаларга кўра, террорчилар шаҳар туманларидан бирига ҳужум қилиб, иккита постни эгаллаб олган.  

Маълум қилинишича, ҳудуднинг айрим аҳолиси уйларини ташлаб қочган. Шаҳар полициясининг билдиришича, воқеа жойига “Толибон” ҳужумини қайтариш учун қўшимча кучлар келган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Эрон пойтахти Теҳронда Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати вакиллари мамлакатдаги инқирозни қуролли йўл билан эмас, сиёсий йўл билан ҳал қилиш устида ишлашга келишиб олганди. Кўриниб турибдики, ушбу музокаралар ҳали ўз натижасини берганича йўқ. 

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” вакиллари Москвага ташрифи давомида бир қатор баёнотлар берди. Хусусан, толиблар мақсади — “эркин Исломий Давлат тизими”ни яратиш эканини маълум қилди. Шунингдек, ҳаракат вакиллари Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди. Бундан  ташқари, “Толибон” айни вақтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилишини айтиб ўтди.

Маълумот ўрнида, сўнгги бир неча ой давомида Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг 85 фоизини ўз назоратига олганини даъво қилганди. Айни вақтда Афғонистон расмийлари ушбу маълумотни рад этган. Қайд этиш керакки, Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 31 августига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши қўшни давлатларни ҳам хавотирга солмоқда. Жумладан Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва айниқса Тожикистон Афғонистондаги кескинликдан безовта. Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳолининг ҳам қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди

Қўшимча маълумот учун, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

114

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг