“Толибон” Афғонистоннинг қанча қисмини эгаллаб олганини маълум қилди

Олам 15343
image

“Толибон” вакили Забиулла Мужоҳид “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг турли вилоятларида жами 169 та туманни эгаллаб олганини таъкидлади. Ўз навбатида, афғонистонлик генерал ушбу маълумотни рад этди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.

Хабарга кўра, сўнгги икки ой ичида толиблар Афғонистоннинг қарийб 400 та туманидан 167 тасини эгаллаб олган. Кеча, 7 июль куни улар Ҳирот ва Зобул вилоятларининг яна икки туманини ўз назоратига олган.

“Бизнинг мужоҳидларимиз томонидан қўлга киритилган туманларнинг умумий сони 169 га етди”, дейди “Толибон” вакили.

Шундай қилиб, толиблар мамлакатнинг 85 фоизи устидан назорат ўрнатганини даъво қилмоқда. Ўз навбатида, Афғонистон Мудофаа вазирлигининг собиқ вакили, генерал Давлат Вазири бу баёнотни рад этган.

“Толибларнинг даъвоси ҳақиқатга тўғри келмайди. Илгари ҳаракат вакиллари шу каби асоссиз равишда ҳудудларнинг 60 ёки 70 фоизидан кўпроғини назорат қилишларини айтганди”, дейди Давлат Вазири.

Бундан ташқари, хавфсизлик ва мудофаа соҳаси вакили генерал Ажмал Шинфарининг айтишича, ҳудудлар жангариларнинг қўлига ўтмаган, хавфсизлик кучлари эса туман учун бўладиган жангларга қайта тўпланиш мақсадида тактик чекинишни амалга оширган. Унга кўра, яқинда Афғонистон ҳарбийлари 14 туманни қайтариб олган.

Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 11 сентябрига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган. 

Қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини Вашингтоннинг “миссия муваффақиятсизлигини” тан олиши, деб ҳисоблашини маълум қилган.

Маълумот ўрнида, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 389
Рейтинг: 2.9
t
×