“Толибон” ва Кобул вакиллари Теҳронда учрашди. Томонлар нимага келишди?

Олам 13531
image_2021-07-08_20-24-31

Аввалроқ Эрон пойтахти Теҳронда Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ўртасида музокаралар бошлангани ҳақида хабар бергандик. Теҳронда бўлиб ўтган икки кунлик музокаралардан сўнг, томонлар мамлакатдаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилиш устида ишлашга келишиб олди. Бу ҳақда “Anadolu” ёзмоқда.

Хабарга кўра, музокара қатнашчилари Афғонистондаги вазиятни қуролли қарама-қаршиликлар йўли билан ҳал қилишни истисно қилган.

Қўшма баёнотда Эроннинг Афғонистонда тинчликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, эзгу ниятлари ва меҳмондўстлиги юқори баҳоланган. Томонлар қисқа вақт ичида яна бир учрашув ўтказишга ва урушдан тинчликка ўтиш механизмини муҳокама қилишга қарор қилган.

Маълумот ўрнида, сўнгги бир неча ой давомида Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг 85 фоизини ўз назоратига олганини даъво қилганди. Айни вақтда Афғонистон расмийлари ушбу маълумотни рад этган. Қайд этиш керакки, Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 11 сентябрига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши қўшни давлатларни ҳам хавотирга солмоқда. Жумладан Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва айниқса Тожикистон Афғонистондаги кескинликдан безовта. Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳолининг ҳам қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди

Маълумот ўрнида, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 463
Рейтинг: 2.9
t
×