Афғонистон ва “Толибон” вакиллари ўртасида музокаралар бошланди
Олам
−
07 Июль 2021
14621Эрон пойтахти Теҳронда Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ўртасида музокаралар бошланди. Бу ҳақда ISNA агентлиги хабар берган.
“Бугун Эронда Афғонистон ҳукумати вакиллари ва “Толибон” делегацияси иштирокида афғонлараро музокаралар бошланди”, деб ёзган нашр.
Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати раҳбарлари бир ой ичида расмий Афғонистон ҳукумати билан тинчлик шартномаси тузишни режалаштираётгани ҳақида хабар бергандик.
Афғонистон ҳукумати билан тинчлик битимини имзолаш режалари бўйича “Толибон”нинг позициясини шарҳлаган АҚШ Давлат департаменти вакили Афғонистондаги 40 йиллик урушни тўхтатишнинг ягона йўли музокаралар билан ҳал қилиш йўли эканлигини айтганди.
Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қўшинларининг 90 фоизини, аллақачон, Афғонистондан олиб чиқиб кетди. Бундан ташқари, Италия ва Германия ҳам ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетган. Хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши “Толибон” ҳаракатига устунлик бермоқда ва улар бирин-кетин мамлакат туманларини эгаллаб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, республиканинг 50-70 фоизи толиблар қўлида.
Бу эса ўз навбатида Афғонистон ҳукумати қўшинларига қийинчилик туғдирмоқда. Улар толибларга қарши жангда вақти-вақти билан чекинишга ва ҳатто, қўшни Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ҳудудларига қочиб ўтишга ҳам мажбур бўлмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. Кеча, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.
LiveБарчаси