“Толибон” Афғонистон Ҳукумати билан тинчлик шартномаси тузишни режалаштирмоқда 

Олам

image

“Толибон” ҳаракати раҳбарлари бир ой ичида расмий Афғонистон ҳукумати билан тинчлик шартномаси тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берган.  

Агентликнинг таъкидлашича, юзлаб афғон хавфсизлик кучлари АҚШ Афғонистондаги асосий базаси Баграмни тарк этгандан кейин бошланган “Толибон” ҳужуми билан боғлиқ ҳолда қўшни Тожикистонга қочиб кетган. 

“Биз (“Толибон” — таҳр.) жанг майдонида имтиёзга эга бўлсак-да, музокаралар ва мулоқотларга жиддий ёндошамиз”, деган “Толибон”нинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид. 

Афғонистон ҳукумати билан тинчлик битимини имзолаш режалари бўйича “Толибон”нинг позициясини шарҳлар экан, АҚШ Давлат департаменти вакили Афғонистондаги 40 йиллик урушни тўхтатишнинг ягона йўли музокаралар билан ҳал қилиш йўли эканлигини айтган. 

“Биз томонларни Афғонистон келажаги учун адолатли ва узоқ муддатли келишувга олиб келадиган сиёсий йўл харитасини аниқлаш учун жиддий музокаралар олиб боришга чақирамиз”, деган Давлат департаменти вакили. 

Аввалроқ, АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги йирик авиабазани огоҳлантиришсиз тарк этгани ҳақида хабар бергандик.

Фаоллашган "Толибон"

Жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучлари Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Кеча, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг