Афғонистон Россия ва яна икки давлатдан терроризмга қарши курашда ёрдам сўради
Олам
−
10 Июль 2021
10249Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Моҳиб ташқи шерикларни, жумладан Россия, Ҳиндистон ва Хитойни Кобулга терроризмга қарши курашда ёрдам беришга чақирди.
“Биз ташқи шерикларни мудофаа ва хавфсизлик кучларимизга терроризмга қарши курашишда ёрдам беришга чақирамиз. Табиий равишда Хитой, Ҳиндистон ва Россиядан келган барча ташқи шерикларнинг техник кўмагини мамнуният билан қарши оламиз”, деган давлат раҳбарининг маслаҳатчиси.
Моҳибнинг таъкидлашича, ҳар қандай ташқи ёрдам мамлакат ички ишларига аралашишга олиб келмаслиги керак.
Маълумот ўрнида, “Толибон” жангарилари кеча, 9 июль куни Афғонистондаги иккинчи йирик шаҳар — Қандаҳорга ҳужум қилди, ҳужум натижасида бир нечта тинч аҳоли яраланди. Афғонистон расмийларининг хабар беришича, толиблар Афғонистон ҳудудининг 80 фоиздан ортиғини, шу жумладан қўшни давлатлар билан чегарадош шаҳарларни назорат қилмоқда.
Сўнгги бир неча ой давомида Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг 85 фоизини ўз назоратига олганини даъво қилганди. Қайд этиш керакки, Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 31 августига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши қўшни давлатларни ҳам хавотирга солмоқда. Жумладан Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва айниқса Тожикистон Афғонистондаги кескинликдан безовта. Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳолининг ҳам қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди.
Қўшимча маълумот учун, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
LiveБарчаси