ДХХ Ортиқхўжаев ва бошқаларни текширади

Таҳлил

“Ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим” – Президент Ортиқхўжаев ҳақида north_east

“Ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим” – Президент Ортиқхўжаев ҳақида

16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари йиғилишни бошлар экан, совуқдан қийналаётган одамларнинг ташвиш ва изтиробини ҳис қилаётганини айтди.

"Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман", дейди давлат раҳбари.

Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланиб, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.

Вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун бир нечта мутасаддилар лавозимдан “учди”.

Президентнинг маълум қилишича, биргина Тошкент шаҳрида 584 та маҳалланинг 120 тасида электр энергияси ва газдан узилишлар бўлган.

"Шунча гапирганимиз билан Вазирлар Маҳкамаси масъуллари қаерга қараяпти, деган савол мени қийнаяпти. Шу боис қиш мавсумига лозим тарзда тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда мен уни ишдан олдим. Қуруқ гап, ёлғон ҳисобот билан, пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим", деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини сўконғичлиги билан танилган Ортиқхўжаевнинг ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов эгаллади ва шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлди.

Бугунгача Бош прокурор ўринбосари бўлган Эркин Йўлдошев шаҳар прокурори этиб тайинланди.

Лавозимидан айрилган фақат Жаҳонгир Ортиқхўжаев эмас. 

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти раиси Фарход Абдурахмонов вазифасидан озод этилди. "Ҳудудий электр тармоқлари" раҳбари Улуғбек Мустафоев, "Узтрансгаз" раҳбари  Беҳзод  Норматов ва "Ўзбекнефтгаз" раҳбари Меҳриддин Абдуллаев ҳам лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланди. 

Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиев, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Иргашев, Учтепа тумани ҳокими Фарход Абдуллаев “ҳайфсан” олди. 

Қиш фасли бошланганида етишмовчиликлар борлигини тан олган ва халқдан узр сўраган, энг муҳими, ёздан буён энергетикадаги муаммоларни гапириб келаётган, вақтида чоралар кўрилмаса, қишда оғир бўлишини айтиб, буни фақат мустақил нархлар белгилаш билан амалга ошириш, энергетик барқарорликка нисбатан эришиш, инқирозни четлаб ўтиш мумкинлигини такрор ва такрор таъкидлаган Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳам лавозимидан озод этилди. 
 
Шунингдек, вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Зангиота, Тошкент, Булоқбоши, Хўжаобод, Учқўрғон, Косон, Кармана, Қамаши, Шофиркон, Хўжайли, Денов, Шароф Рашидов, Пастдарғом, Фарғона, Пахтабод, Ҳазорасп туманлари ҳамда Самарқанд, Наманган, Фарғона, Гулистон, Чирчиқ шаҳарлари ҳокимлари масъулиятни ҳис қилмасдан, бир ой олдинги совуқ кунлардан ҳеч қандай хулоса чиқармагани кўрсатиб ўтилди.
 
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам Президентнинг танқидларидан четда қолгани йўқ. У бу сафар қатъий огоҳлантирилди. Чирчиқ шаҳар ҳокимига Даврон Хидоятовга эса “ҳайфсан” берилди.
 
Йиғилишда  ДХХ ва Бош прокуратурага энергетика тизимидаги коррупцияни йўқ қилиш бўйича алоҳида чоралар кўриш топширилди.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш буюрилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Ортиқхўжаев энергетикадаги инқироз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг