“Оқланган замдекан”, қамоққа ташланган ҳоким, боши балодан чиқмаётган Наргиз, “Чорсу”даги тўполон

Таҳлил 13647

Ҳибсга олинган Андижон шаҳар ҳокими, талаба қизга тажовуз қилгани исботланмай, қамалган “замдекан”, пуллик хизматга ўтиши айтилган Telegram тармоғи, қамоқ хавф солаётган Наргиз Зокирова, магистратурага кириш учун қўйилган янги талаб... Ҳафтанинг шу ва бошқа энг қайноқ ва шов-шувли хабарлари билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишинг.

Андижон шаҳар ҳокими ҳибсга олинди

Жиноят иши доирасида 6 июнь куни Андижон шаҳар собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров давлат маблағларини талон-торож қилганликда гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланди. 

Баҳром Ҳайдаров жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Ҳокимнинг ортидан Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов ҳам ҳибсга олинди.

Аҳамиятлиси, Андижон шаҳар ҳокими қамоққа олинган 6 июнь соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июнь куни 18:10 ва 21:07 оралиғида Баҳром Ҳайдаровга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ҳолда “E-qaror” платформасида 26 қарор ва фармойиш имзолангани маълум бўлди. Кейинроқ ҳужжатларни ҳокимлик девонхонаси мудири С.Қодиржонов жойлаштиргани ойдинлашди.

Ўзбекистон апрелда энг кўп олтин сотиб олган давлат бўлди

Апрель ойида Ўзбекистон 8,7 тонна олтин харид қилди. Туркия (5,6 тонна) ва Қозоғистон (5,3 тонна) ҳам олтиннинг энг фаол харидорлари учлигига кирди.

Қайд этиш керакки, биринчи чорак якунига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон энг фаол олтин сотувчилар бўлганди.

Энди фақат 2 тоифадаги талабалар ўқишни кўчириши мумкин 

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловга кўра, эндиликда қуйидаги сабаблар билангина ўқишни кўчиришга рухсат берилади:

•    талаба турмуш қурса;
•    давлат хизматчисининг иши бошқа жойга ўтса.

Яна бир жиҳат шуки, эндиликда ўқишни кўчиришда вазир хати талаб этилади. Бошқа тоифалардаги талабаларга ҳеч қайси ҳолатда ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди.

Шунингдек, вазир 2022-2023 йилда магистратура босқичига ҳужжат топшириш учун чет тилини билиш бўйича сертификат талаб қилинишини маьлум қилди.

“Агар бола инглиз тилини билмаса ё ҳаминқадар билса, қандай тадқиқот олиб боради? Ҳозирги замон билан қандай беллашади? Шунинг учун ҳам биз рухсат олдик: халқаро ё маҳаллий чет тили сертификат билан ҳужжат топширган абитуриент магистратурага киришда мутахассислик фанидан имтиҳон топширмайди. Мутахассислик бўйича имтиҳон – қарийб бор бўйи билан коррупция. Дипломнинг ўртача балли ҳисобланади ва бу билан ҳужжат топширган абитуриент магистр бўлади”, дейди Тошқулов.

“Замдекан” талабага тажовуз қилгани исботланмади, аммо у қамалди

Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олувчи талаба қизни зўрлашга урингани айтилган факультет декани ўринбосари Боғабек Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши материаллари судда кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.

Суд ҳукмига кўра, Боғабек Йўлдошев Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 118-моддаси (Номусга тегиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

QALAMPIR.UZ журналисти суд жараёни ҳақида маълумот олиш учун жабрланувчи Муштарий Комилованинг онаси Дилдора Комилова билан боғланди. Бироқ жабрланувчининг онаси ҳам суд мажлисларига киритилмаганини айтди. Шунингдек, унга кўра, Боғабек Йўлдошевнинг айбини исботловчи далиллар судга тақдим этилганига қарамай, суд буни инобатга олмаган.

Ўзбекистон ва Қирғизистонни боғловчи яна бир махфий тоннель топилди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари жорий йилнинг 4 июнь куни Ўш вилоятининг Қора-Сув шаҳридаги турар-жой қўшимча биносининг бетон қопламаси остидан тоннель топган. Ҳозирда ҳар икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу тоннелни ким ва нима учун қазигани, ундан контрабанда ёки бошқа қонунбузарликлар учун фойдаланилганига аниқлик киритиш бўйича текширув олиб бормоқда.

Бундан аввал Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қора-Сув тумани Тельман қишлоғида мамлакатни Ўзбекистон билан боғловчи ерости тоннели топилганди.

Telegram пуллик бўляпти

Telegram бир қанча пуллик функция ва хизматларни ўз ичига олган обунасини жорий қилмоқда. Бу ҳақда компания маълум қилди.

Қайд этилишича, бу мессенжер учун реклама платформасидан кейинги иккинчи монетизация усули бўлиб, у иловани сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплайди ва ишлаб чиқувчиларга келгусида ҳам фойдаланувчиларга чексиз ва бепул хизмат кўрсатишда давом этиш имконини беради.

Telegram Premium нархи ойига $5 бўлади.

“Uzbekistan Airways” самолётларида қулоқчин йўқлигидан бошқа муаммоларни кўрмайдими?

Сўнгги вақтда “Uzbekistan Airways” АЖ ҳаво кемалари саҳнида қулоқчинларнинг йўқлиги сабаб йўловчилардан компанияга кўплаб мурожаат ва шикоятлар келиб тушмоқда. Авиакомпания ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тушунтириш берди.

Қайд этилишича, “Uzbekistan Airways” АЖ жорий йилда авиақатновлар сонини 2021 йилнинг шу даврига нисбатан икки баробардан зиёд кўпайтирган, йўловчилар сони эса 3 баробарга ошган. Бу эса ўз навбатида хизмат ва ҳаво саҳнида йўловчиларга тарқатилувчи буюмлар, шу жумладан бир марталик қулончинларнинг сони ошишига олиб келган.

Авиакомпания келтирилган ноқулайликлар учун барча йўловчилардан узр сўраган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов “Uzbekistan Airways” АЖ хизматларидан шахсан фойдаланиб, авиакомпания самолётларидаги мониторларда медиа бўлим ишламаслиги, қулоқчинлар йўқлиги, 250 кишилик самолётларда бор-йўғи 20 та ёстиқ 30 та плет борлиги, биринчи марта учаётган 12 ёшдан кичик болаларга комплимент деган нарсалар йўқлиги, шахсий буюмлар, дезинфекция воситалари берилмаслиги, онлайн-чекинг мавжуд эмаслиги, самолёт белгиланган вақтдан кеч учса ҳам, ҳеч ким тушунтириш бермаслиги, юклар билан бетартиб муносабатда бўлинишини айтиб, хизмат кўрсатишни танқид қилганди.

Бироқ авиакомпания юқоридаги муаммолардан фақатгина қулоқчин йўқлигини тан олиб, қолганларига кўз юмгани “Uzbekistan Airways” ўринли танқидни "ҳазм қила олмаслигидан"ми?

Ўзбекистон фуқароларининг Россияда “прописка”сиз қолиш муддати узайтирилди

Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг рўйхатга олинмаган ҳолда ушбу ҳудудларда қолиш муддатини ўзаро 15 кунгача узайтирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси хабар берган.

“Бир томоннинг бошқа давлат ҳудудида вақтинча яшовчи фуқаролари 15 кун ичида кирувчи давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш) мажбуриятидан озод қилинади”, дейилади хабарда.

Аввал Россияда ўзбеклар учун етти кун ичида, Россия Федерацияси фуқаролари учун эса Ўзбекистонда уч кун ичида рўйхатдан ўтиш зарур эди.

Тошкентда 5 ойда 4 та террорчилик гуруҳи фош қилинди– ИИББ

Жорий йилнинг январь-май ойларида Тошкентда “Ислом давлати” (ИД) ва “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилотлари жангариларига алоқадор 4 та яширин гуруҳ, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 та “виртуал” гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Рекламаларда оилавий анъаналарга зид образлардан фойдаланиш тақиқланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистонда дори воситаларини реклама қилишда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши, шунингдек рекламада миллий ва оилавий анъаналарга зид бўлган образлардан фойдаланиш тақиқланади. 

Шунча бўлурми ҳай-ҳай?! Россияга кириши тақиқланган Зокирова энди қамалиши мумкин

Хонанда Наргиз Зокирова Россия қонунчилигига кўра, Максим Фадеев қўшиқларини ижро этгани учун уч йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Бу ҳақда хонанданинг адвокати Алексей Алешкин маълум қилган. 

Қайд этилишича, Зокированинг продюссери Максим Фадеев унга шов-шувли танаффусдан сўнг ҳар хил чиқишлар қилиб, қўшиқларини куйлашни тақиқлаган. Шу сабабли хонанда  уч йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши, шунингдек Фадеев ундан маънавий зарар учун товон талаб қилиши мумкин.

Тошкентда ажиотаж: бозорларда шакар учун навбатлар пайдо бўлмоқда

Ўтган ҳафта шакар нархи 14 минг сўмга кўтарилгани ҳақида маълумот берган эдик. Охирги кунларда Ўзбекистоннинг айрим бозорларида шакар учун катта навбатлар кузатилмоқда. Жорий йилнинг 9 июнь куни “Чорсу” бозорида ҳам шакар учун навбатлар юзага келди QALAMPIR.UZ мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борди.

9 июнь куни "Чорсу" бозоридаги бир нечта нуқтада 50-60 чоғли одам шакар учун навбатда турган. "Элга хизмат" расталарида шакар 10 минг сўмдан сотилган ва бир кишига 5 ёки 3 килограммдан берилган. Катта навбатнинг юзага келишига дўконларда шакар нархи 15-19 минг сўмгача кўтарилиши сабаб бўлиб, одамлар қуёшда навбатда туришига тўғри келган.

Фарғона ва Наманганда аҳолига ажратилган унни сотиб юборган шахслар ушланди

Наманган вилоятининг Поп тумани ва Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида аҳолига ажратилган ун маҳсулотини сотиб юборган МЧЖ ва хусусий корхона раҳбарлари аниқланди.

Марғилон шаҳрида ўтказилган терговга қадар текширувда, “А.У.” ХК раҳбари А.А. ҳамда “А.Р.” ва “Т.М.” ХКнинг норасмий раҳбари М.О. узоқ ва чекка ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли учун ажратилган 10,1 тонна ун маҳсулотини Марғилон шаҳри ҳудудида бошқа шахсларга бозор нархида сотиб юборгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.А., М.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 140
Рейтинг: 3.1
t
×