Андижон вилояти ХТБ бошлиғи ҳам қўлга олинди
Жамият
−
08 Июнь 2022
18931Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов кеча, 7 июнь куни қўлга олинди. У Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров билан бирга 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолати бўйича гумондорлар сифатида кўрилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби QALAMPIR.UZ’га Азизбек Миркомилов ҳибсга олинганини ва тез орада расмий ахборот берилишини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 июнь куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳибсга олинди. У жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда.
Айтиш жоизки, дастлаб Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказишда гумонланганди. Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида жорий йилнинг 3 февраль куни депутат ва ҳокимни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62-моддалари, қолаверса, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.
Ҳоким аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019-2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.
Кейинроқ Бош прокуратура Баҳром Ҳайдаров Андижон шаҳар молия бўлимида ишлаган вақтида 48 млрд маблағларни талон-торож қилишда гумонланаётганини маълум қилди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов ишида 37 нафар шахс айбланиб улардан 32 нафари ҳибсга олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь