Собиқ ҳокимнинг қамоқхонада вафот этиши юзасидан қўшимча тафсилотлар очиқланди
3-саҳифа
−
05 Март
3427310 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг жазони ижро этиш муассасасида вафот этгани Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганилди. Бу ҳақда Омбудсманнинг расмий саҳифасида хабар берилди.
Маълум бўлишича, марҳум Ҳайдаров республикада ягона ҳисобланувчи маҳкумларни даволашга мўлжалланган Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сон Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада (МУИК) жазо муддатини ўтаётган, яъни даволанаётган бўлган.
Билдирилишича, ушбу шифохона мингдан ортиқ маҳкумни даволашга ихтисослашган бўлиб, 200 га яқин шифокор ва фельдшерлар хизмат олиб боради. Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан мазкур шифохонага мониторинг ташрифлари амалга ошириб келинган, шифохона ҳудудида ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатлар доимо иш юритувига олинган.
“МУИК томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, марҳум Ҳайдаров “Юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси ФС-III, ИККС (2022 йил март). Коронар қон томирлар стентлаш операциясидан кейинги ҳолат (2022 йил апрель). Гипертония касаллиги III босқич. Артериал гипертензия-III. Хавф-IV (ўта юқори)” ташхиси билан 2024 йил 5 март куни соат 00:15 ларда касалхонанинг терапия бўлинмасида вафот этган”, дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат ҳақида шифохона раҳбарияти томонидан махсус прокурорга ва Жазони ижро этиш департаментига маълумот ҳамда марҳумнинг яқин қариндошларига хабар берилган. Махсус прокуратура томонидан суд-тиббий экспертлар жалб қилинган ҳолда текширув ўтказилган. Шу куни соат 8:30 ларда марҳум ўғли ва қудаси томонидан олиб кетилган.
“Шу куниёқ Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари ва яқинлари билан суҳбатлашди. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура идоралари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган пайтида жиддий касалликлар билан оғригани, колония бошлиғи Ҳайдаровнинг соғлиги ёмонлашгани сабабли уни Жиноят кодексининг 75-моддасига асосан, жазони ўташдан озод қилиш ҳақида судга тақдимнома бергани, бироқ суд буни рад этгани маълум бўлганди.
LiveБарчаси