Европа кенгаши раҳбари Украинага борди
Олам
−
20 Апрель 2022
7189Бугун, 20 апрель куни Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Украина пойтахти Киевга келди. Бу ҳақда у Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.
“Бугун Киевда. Эркин ва демократик Европа қалбида”, дея изоҳ қолдирган Мишель.
У постига Киев вокзалидан олинган суратни ҳам илова қилган. Киевда уни Европа Иттифоқининг мамлакатдаги вакили Матти Маасикас ва Украина расмийлари кутиб олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 апрель куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Киевга борганди.
Шунингдек, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Украинанинг Буча шаҳрига борганди. Мазкур ташриф чоғида Жозеп Боррель Европа Иттифоқи тарихида биринчи марта можаро дипломатик йўл билан эмас, ҳарбий йўл билан ҳал этилишини истаган эди.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи уч марта (28 февраль, 23 март ва 13 апрель) Украинага ҳарбий ёрдам учун 500 миллион евро ажратилишини эълон қилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси