Светлана Ортиқовага очиқ хат
Таҳлил
−
08 Апрель 2022
28392Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага кўра, Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ-тартибот органларида қийноқ, шахс қадр-қимматини камситиш ва унга ноинсоний муносабатда бўлиш мавжуд. Фақатгина прокуратура органлари бундан мустасно. Охирги уч йилда Бош прокуратура ва ҳудудий прокуратура органларида қийноқларга йўл қўйилмаган. Янаям тўғрироқ айтадиган бўлсак, Светлана Ортиқова Бош прокурор ўринбосари бўлганидан буён.
Прокуратура органларида охирги 3 йилдан буён қийноқлар йўқлиги ҳақидаги фикрни Светлана Ортиқова илгари сурди. Хўш, демак 2019 йилгача бўлган даврда қийноқлар бўлган экан-да. Бўлганда-чи... QALAMPIR.UZ’да 2020 йилнинг февраль ойида эълон қилинган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” фильми шу ҳақда ҳикоя қилади. Бироқ, ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам Бош прокуратура қийноқлар бўлганини тан олмаган, олмайди. Олмайдиям-да!
Жорий йилнинг 31 март куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қийноқлар масаласи яна кун тартибидан жой олди. Унда QALAMPIR.UZ журналист Феруза Нажмиддинова Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага юзланиб, ҳуқуқ-тартибот органларида давом этиб келаётган қийноқларнинг олдини олиш борасида ишлар сустлиги ва алоҳида Тергов қўмитасини ташкил этиш кечикаётгани сабабларини сўради. Ортиқова саволга “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрликдир” деган гапга риоя қилган ҳолда жавоб қайтарди.
У саволга жавоб бераркан, 2020 йилнинг 21 февраль куни QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган ва Ўзбекистондаги кўплаб ташкилотларни қийноқларга қарши курашишга бошлаган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар” номли мақола ва фильмни эслади ва шундай деди:
“Сайтингизда эълон қилинган прокуратурадаги қийноқлар ҳақидаги мақола ўз тасдиғини топмаган. Бош прокуратура ўз сайтида берган баёнотини ҳам QALAMPIR.UZ’да эълон қилмадингиз. Мен ўқиганим йўқ. Бу ҳолатда ошкоралик қаерда қолди, билмадим?! Лекин, биз жавоб бердик. У жавоб сизга ёқмаган бўлиши мумкин. Лекин у ҳолат ўз тасдиғини топмади”.
Ҳурматли Светлана Боймирзаевна, юқорида сиз тилга олган суриштирув ва иддаоларингиз бўйича қуйидагиларни эслатамиз:
– “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли махсус фильм QALAMPIR.UZ сайти ва унинг барча ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида 2020 йилнинг 21 февраль куни;
– Бош прокуратуранинг ушбу фильмга нисбатан Бош прокуратура Telegram каналида 2020 йилнинг 22 февраль куни 16:09 да эълон қилган илк расмий баёноти QALAMPIR.UZ сайти ва унинг барча саҳифаларида “Бош прокуратура терговдаги даҳшатли қийноқлар ҳақидаги филмга нисбатан муносабат билдирди” номи билан 2020 йил 22 февраль куни соат 16:15 да эълон қилинган.
Орадан тўрт ойдан кўпроқ вақт ўтиб, 2020 йилнинг 24 июнь куни соат 09:57 да QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири Суннатилла Абдуллаевга Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Telegram ижтимоий тармоғи орқали Бош прокуратуранинг расмий саҳифаларида эълон қилинмаган хабарни юборган. Унда 2020 йилнинг 21 февраль куни QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” фильми ва мақоласи бўйича ўтказилган текширув натижалари баён қилинган. Шуни алоҳида айтиб ўтиш ўринлики, 2020 йилнинг 22 февраль куни Бош прокуратура Telegram’даги саҳифаси орқали юқори номи келтирилган фильм ва мақола асосида ўрганиш ўтказишни бошлаган ва натижалари эълон қилинишини айтган бўлса-да, натижалар Бош прокуратуранинг расмий саҳифаларида эълон қилинмади. Аксинча, QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири Суннатилла Абдуллаевга юборилди, холос.
Бу маълумот эса QALAMPIR.UZ сайти ва барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали 25 июнь соат 20:19 да “Бош прокуратура терговида қийноқлар бўлган...ми? БП текширув натижаси бўйича QALAMPIR.UZ’га мактуб йўллади” номи билан эълон қилинган эди.
Эҳтимол Бош прокуратура матбуот хизмати идоранинг расмий баёноти QALAMPIR.UZ’да эълон қилинганини ўз вақтида раҳбариятига етказмагандир ёки ўзи ҳам бехабардир. Бу эса Светлана Ортиқова айтганидек, “ошкоралик қаергадир йўқолиб қолди?”, дея хулоса чиқаришга асос бўла олмайди.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли махсус фильмда 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар Жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланганлиги, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани баён қилинганди.
Шунингдек, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказиб, қийноққа солгани маълум қилинганди.
Ушбу фильм эълон қилинганидан сўнг, қийноқлар масаласи жамоатчилик вакиллари ва блогерлар билан чекланиб қолмай, ўзбек сиёсий элитасига етиб борди. Ҳатто, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам қийноқларни қоралади. Шахсан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва бошқа расмийлар ҳам қийноқлар ҳақида гапира бошлади. Терговдаги ноинсонийликлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида ҳам бот-бот тилга олинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь