Жээнбеков ва Отунбаевани экс-Президент унвонидан маҳрум қилиш ҳаракати бошланди
Олам
−
06 Февраль 2021
13399Қирғизистоннинг собиқ раҳбарлари Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отанбаевани собиқ Президент унвонидан маҳрум қилиш талаб этиляпти. 1 февралдан мамлакат бўйлаб фуқароларнинг имзосини йиғиш бошланган. Халқ ташаббуси ҳақида блогер Чингиз Капаров маълум қилган.
“Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган барча қирғизистонликларни биргаликда ишлашга чорлаймиз. Агар Қирғизистондан ташқарида муҳожирлар, шунингдек, мамлакат ичкарисида ёрдам беришни истаган чекка ҳудудларнинг аҳолиси бўлса, улага электрон имзо варақаси ҳам берилади”, деган блогер саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, имзоларни йиғиш жума ва шанба кунлари соат 10:00 дан 18:00 гача “Ала-Тоо” майдонидаги “Илбирс” биносида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда бешта собиқ президентдан фақат иккитаси – Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отунбаева “экс” унвонига эга. Қонунга кўра, уларга умрбод дахлсизлик ҳуқуқидан бепул тиббий ёрдамгача катта имтиёзлар берилган. Шунингдек, катта миқдорда – 100 минг сом пенсия ҳам тайинланган. Улар пенсия ёшига етгач, амалдаги Президент маошининг 75 фоизи миқдорида моддий ёрдам олади.
Роза Отунбаева 2010 йил май ойида Муваққат ҳукуматнинг махсус фармони билан Қирғизистон Республикаси Президенти деб эълон қилинган. У ушбу лавозимда Алмазбек Атамбоев 2011 йил 1 декабрда иш бошлагунга қадар ишлаган.
Сооронбай Жээнбеков – Атамбоевнинг вориси. У 2017 йил 24 ноябрдан 2020 йил 15 октябргача давлат раҳбари сифатида ишлаган. 5-6 октябрь кунлари содир бўлган тартибсизликлар туфайли истеъфога чиққан.
Жээнбековни бошқа муаммолар ҳам тинч қўймаяпти. 5 октябрь куни уюштирилган намойишларни тарқатиш вақтида жабрланганлар собиқ Президентни жазолашни талаб қиляпти.
Шунингдек, суд уни собиқ вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиевнинг банкдаги сейфидан 1 млн доллар топилгани бўйича очилган очилган жиноий иши доирасида эшитувга чақирган. Аммо собиқ Президент суд чақириғига қарамай, оиласи билан Саудия Арабистонига кетди.
LiveБарчаси