Сооронбай Жээнбеков оиласи билан Қирғизистонни тарк этди

Олам 27217
image

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Сооронбай Жээнбеков оиласи билан Қирғизистонни тарк этди. Бу маълумотни “24.kg” ахборот агентлигига собиқ давлат раҳбари атрофидаги манбалар тасдиқлаган.

Собиқ Президентнинг матбуот котиби Толгонай Стамалиеванинг таъкидлашича, Сооронбай Жээнбеков Маккага кичик ҳаж – Умра амалларини бажариш учун борган. 

“У ва унинг рафиқаси эрталаб Истанбулга учиб кетди, улар Жидда (Саудия Арабистони) томон йўл олади. Эътибор беринг, экс-президент Сооронбай Жээнбеков ушбу сафарни Саудия Арабистони қироли таклифига биноан амалга оширмоқда. У буни 2020 йил ноябридан бери режалаштираётган эди. Пандемия туфайли зиёратчиларга кириш тақиқланган ва процедура бўйича ушбу ташриф учун расмий таклифнома талаб қилинади. Таклифнома 2021 йил февраль ойининг бошида олинган”, дейди Толгонай Стамалиева.

Таъкидланишича, Жээнбеков бир кун олдин “Манас” халқаро аэропортидан Истанбулга учиб келган.

Эслатиб ўтамиз, Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги тартибсизликлар сабабли 2020 йил 15 октябрда истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.

Кейинчалик Сооронбай Жээнбеков собиқ амалдор Дуйшенбек Зилалиев иши бўйича кўрсатма бериш учун судга чақирилди.

Жээнбековнинг адвокати Жиргал Бабаев собиқ вице-вазир Дуйшенбек Зилалиевнинг иши бўйича мижозининг Бишкек шаҳар судига чақирилишига изоҳ берди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1322
Рейтинг: 2.9
t
×