Қирғизистонда бўлган намойишлар Сооронбай Жээнбековни таъқиб қилишда давом этмоқда
Олам
−
02 Февраль 2021
6950Аввалроқ, 2020 йилнинг 5 октябрь куни Бишкекдаги намойишни тарқатиш вақтида жабрланганлар Сооронбай Жээнбековни жазолашни талаб қилиб чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Қирғизистон Бош прокуратураси 5 октябрь куни Бишкекдаги намойишлар вақтида жабр кўрган фуқароларнинг Сооронбай Жээнбековни жазолашни сўраб ёзган аризаларини 1 февраль куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг тергов хизматларига юборган.
Маълум бўлишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги 2020 йилнинг 6 октябрига ўтар кечаси намойишчиларни тарқатиш пайтида махсус воситалардан фойдаланиш бўйича жиноий иш очганлиги сабабли баёнот ушбу органларга юборилган.
Хабарга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мурожаат қилганларга текширув натижаларини маълум қилади.
Жабрланувчилар аризасига кўра, ўтган йилнинг 5 октябрь куни Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида уюштирилган митингда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари намойишчиларга қарши махсус ускуналардан фойдаланган. Оқибатда кўп одам жабрланган, 19 ёшли Умут Олтинбек ўғли вафот этган.
Жабрланувчилар намойишчиларга қарши қурол ишлатиш буйруғини айнан Жээнбеков берган деб ҳисоблайди. Улар собиқ давлат раҳбарини жавобгарликка тортишни ҳамда уни экс-президент мақомидан маҳрум этишни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 5 октябрдаги намойишлар Қирғизистонда парламент сайлови ўтказилиши билан бошланганди. 5 дан 6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар Ҳукумат, Президент администрацияси ва тергов ҳибсхонасини эгаллаб олганди.
Ўша кечада тартибсизликлар натижасида 1,2 мингдан ортиқ одам жароҳатланган, бир киши ҳалок бўлган. 100 га яқин одам шифохонага ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ вице-вазир Дуйшенбек Зилалиевнинг банкдаги сейфидан 1 млн доллар топилганини маълум қилган эди. Ушбу иш бўйича Сооронбай Жээнбеков кўрсатма бериш учун судга чақирилганди. Бироқ Жээнбековнинг адвокати Жиргал Бабаев собиқ Президентнинг бу ишга умуман алоқаси йўқлиги ва судга бормаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси